Бугунги «Хориж хабарлари» дастурида АҚШ ва Эквадорнинг наркотрафикка қарши қўшма операцияси, Эронда Мужтабо Хоманаийнинг янги олий раҳнамо этиб сайлангани ҳақидаги хабарлар, Суриянинг Ливан билан чегарада ҳарбий иштирокини кучайтириши ва Дубайдаги АҚШ консуллигига дрон ҳужуми ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, Германиянинг Украинага газ етказиб бераётгани ҳақидаги даъволарга расмий рад жавоби, Ҳиндистонда сунъий интеллект яратган сохта суд қарорлари билан боғлиқ можаро ҳамда 2026 йилги энг обрўли давлатлар рейтинги натижалари таҳлил қилинди. Дастур орқали жаҳондаги долзарб сиёсий, ҳарбий ва халқаро жараёнлар билан танишасиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TYmUfJ6N0BY" title="Хориж хабарлари: Дубайдаги АҚШ консуллигига дрон ҳужуми" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>АҚШ ва Эквадор наркотрафикка қарши қўшма операция ўтказди
АҚШ ва Эквадор ҳарбийлари Лотин Америкасида “террорчи ташкилотлар” деб аталган гуруҳларга қарши қўшма амалиёт ўтказди. АҚШ Жанубий қўмондонлиги операция якунланганини маълум қилди. Америкалик ҳарбий маслаҳатчилар режалаштириш ва разведка ишларида иштирок этган, асосий ҳаракатлар эса Эквадор қуролли кучлари томонидан амалга оширилган. Операция тафсилотлари очиқланмади.
Эронда Мужтабо Хоманаий янги олий раҳнамо этиб сайланди
Эрон Ислом Республикасида вафот этган олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли Мужтабо Хоманаий мамлакатнинг янги диний раҳбари этиб сайлангани хабар қилинди. Қарор 88 нафар уламодан иборат Кенгаш томонидан қабул қилингани айтилмоқда. Ҳозирча расмий тасдиқ берилмаган, мамлакатни вақтинча уч кишилик кенгаш бошқармоқда.
Сурия Ливан билан чегарада ҳарбий иштирокини кучайтирди
Сурия Мудофаа вазирлиги Ливан билан чегарадаги ҳарбий фаолиятни кучайтирганини маълум қилди. Ҳудудга пиёда қўшинлар, зирҳли техника ва қисқа масофали ракета қурилмалари жойлаштирилган. Расмийлар бу чоралар чегара назорати ва контрабандага қарши кураш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидлади.
Дубайдаги АҚШ консуллигига дрон ҳужуми уюштирилди
БААнинг Дубай шаҳридаги АҚШ консуллиги дрон ҳужумига учради. Ҳодиса оқибатида ёнғин келиб чиққан, у қисқа вақт ичида бартараф этилган. Жабрланганлар йўқ. Воқеа минтақадаги ҳарбий кескинлик фонида содир бўлди.
Германия Украинага газ етказаётгани ҳақидаги даъволарни рад этди
Германия ҳукумати Украинага “немис гaзи” етказиб берилаётгани ҳақидаги даъволарни рад этди. Расмийларга кўра, мамлакат ҳудуди орқали фақат транзит оқимлари ўтмоқда. Украина компанияси томонидан сотиб олинган суюлтирилган табиий газ Рюген оролида қайта газлаштирилиб, қувурлар орқали етказилмоқда.
Ҳиндистонда сунъий интеллект яратган сохта қарорлар аниқланди
Ҳиндистон Олий суди Андхра-Прадеш штатидаги қуйи судья мулк низоси бўйича қарор чиқаришда сунъий интеллект яратган сохта суд қарорларига таянганини аниқлади. Суд инсон назорати зарурлигини таъкидлаб, ишни қўшимча ўрганишга қарор қилди.
Дунёдаги энг обрўли давлатлар — 2026 йил рейтинги
Global Soft Power Index 2026 рейтингига кўра, АҚШ 74,9 балл билан биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринда Хитой жойлашган. Европа давлатларидан Буюк Британия, Германия ва Франция юқори кўрсаткич қайд этган. Рейтинг давлат нуфузи иқтисодий ва ҳарбий қудрат билан бирга халқаро ишонч ва имижга ҳам боғлиқ эканини кўрсатади.
Нозимбек Мардонов, Ёқуб Мелибоев ЎзА