Хориж матбуоти Самарқандда ўтадиган ЮНЕСКО анжумани ҳақида
Буюк Британия Медиа гуруҳига тегишли “Londonpost” нашри ҳамда Қирғиз Республикаси “Kabar” миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги – ЎзА маълумотига таяниб, ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилишига доир мақола эълон қилди.
Мақола аввалида барқарор ривожланиш ва маданий мерос ҳимоячиси саналмиш тузилманинг дунё миқёсидаги ўрни хусусида сўз юритилиб, асосий вазифаси маданий меросни асраб-авайлаш, таълим тизимини ривожлантириш ва жамиятда тинчлик ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш эканини таъкидлаган.
Шунингдек, 2023 йил ноябрь ойида Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси 42-сессияси якунида навбатдаги анжуманни Самарқандда ўтказиш бўйича тарихий қарор қабул қилинганига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу қарорни ташкилотга аъзо 194 давлатнинг барчаси қўллаб-қувватлаган эди.
М.Пирматова, ЎзА