English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хориж матбуоти саҳифаларида Ўзбекистон
17:40 / 2023-05-10

Қатар ахборот агентлиги – QNA саҳифаларида “Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Тошкентда ёки Дохада ўтказиладиган Қатар – Ўзбекистон бизнес-форумини бошлашга чақирди” номли мақола чиқди.

Бўлажак форумда икки давлат ўртасидаги савдо ҳамкорлигини кенгайтиришга ҳисса қўшадиган сармоя алмашинуви ва бошқа масалалар кўриб чиқилиши таъкидланди.

Қатар палатаси раиси шайх Халифа бин Жасим Ол Соний учрашув чоғида Ўзбекистон раҳбарияти Қатар билан муносабатни ҳар томонлама ривожлантиришга интилаётганини юқори баҳолади.

Л.Қудратов юртимиздаги инвестиция муҳити, сўнгги йилларда иқтисодиётимизда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар билан таништирар экан, эндиликда дунёнинг турли давлатларидан кўплаб йирик компаниялар Ўзбекистонга келиб, турли соҳаларга сармоя кирита бошлаганини урғулади.

Вазир Дохага ташрифдан шерикликни янада кучайтириш мақсади кўзланганини таъкидлаб, қатарлик ишбилармонларни республикамизга сармоя киритишга чақирди ҳамда инфратузилма, тоғ-кон саноати, энергия, қайта тикланадиган энергия, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, нефть ва газ каби турли йўналишларда кенг сармоявий имконият мавжудлигини билдирди.

Суҳбат чоғида сармоявий ҳамкорлик, савдо айирбошлаш кўламини кенгайтириш йўллари муҳокама қилинди, ҳар икки мамлакатдаги инвестиция муҳити, сармоя жалб этувчи тармоқлар, хусусий сектор вакиллари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ўзаро инвестиция ҳажмини ошириш имконияти кўриб чиқилди.

Ўз навбатида, шайх Халифа бин Жасим ўзаро муносабатни юқори баҳолаб, ҳамкорликни янада ривожлантиришга умумий интилиш мавжудлигига тўхталди. Қатар ишбилармонларини Ўзбекистондаги сармоявий муҳитни ўрганишга, мавжуд имкониятдан фойдаланиб, айниқса, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва энергетика соҳаларига сармоя киритишга ундади.

Шайх Қатар ва Ўзбекистон компаниялари шериклигини кенгайтириш орқали савдо айирбошлаш миқдорини оширишга ҳисса қўшадиган савдо ва сармоявий альянслар тузиш муҳимлигини таъкидлади.

Агентлик сайтида Лазиз Қудратов савдо ва саноат вазири Шайх Муҳаммад бин Ҳамад бин Қосим Ол Соний билан ҳам учрашгани, икки мамлакат ўртасида савдо, инвестиция ва саноат соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган умумий манфаатдор масалалар муҳокама қилингани ҳам батафсил ёритилди. Учрашувда мезбон вазир Қатар Давлати томонидан хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган муваффақиятли иқтисодий сиёсат, инвесторлар, ишбилармонлар ва компания эгаларини рағбатлантиришга қаратилган имтиёзлар, истиқболли имкониятларга алоҳида тўхталди.

Нашр Лазиз Қудратовнинг Қатар молия вазири Али бин Аҳмад Ал-Қуварий билан учрашувига ҳам алоҳида саҳифа ажратган.

Мақолада энергетика масалалари бўйича давлат вазири Саад бин Шерида Ал Каъбий билан кечган учрашув чоғида энергетика соҳасида ҳам мавжуд алоқани мустаҳкамлаш масаласи кўтарилганига урғу берилган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА