Вьетнамнинг “Vietnamnet” нашри Вьетнам Бош вазири Фам Мин Чин 17-19 март кунлари ушбу мамлакатда расмий ташриф билан бўлган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовни қабул қилгани ҳақида мақола эълон қилди. Мақолада делегациямиз таркибида вазир ўринбосари, инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари, 4 нафар вилоят ҳокими ўринбосарлари, 70 га яқин тадбиркорлар борлиги таъкидланган.
– Бу 1992 йил ўзаро дипломатик муносабат ўрнатилгандан буён Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг Вьетнамга илк ташрифи, – дейилади мақолада. – Бош вазир мавжуд анъанавий дўстона муносабатни қадрлашини тасдиқлаган. Унинг таъкидлашича, шу асосда делегациялар алмашинуви орқали ҳукумат, вазирлик ва тармоқлар ўртасида ҳамкорликнинг янги механизмини йўлга қўйиш масаласи кўтарилган.
Ҳукумат раҳбари икки давлатнинг бир-бирини тўлдириш салоҳиятига урғу бериб, Ўзбекистондан пахта, Вьетнамдан денгиз, тўқимачилик, тикувчилик маҳсулотлари, электроника буюмлари айирбошлашни кўпайтиришни таклиф қилган. Энергия ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида нефть-газ, қишлоқ хўжалиги каби муҳим соҳаларда шерикликни кучайтириш истиқболи муҳокама қилиниб, минтақавий ва халқаро форумлардаги ўзаро иштирок кўламини кенгайтириш зарурлиги маъқулланган.
Музокара чоғида савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқани ривожлантириш кун тартибида устувор аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Бош вазир томонидан таълим, кадрлар тайёрлаш, маданият, санъат, туризм ва ходимлар алмашинуви каби йўналишларда ҳамкорликни, сиёсий ва ижтимоий ташкилотлар ўртасида алоқани янада ривожлантириш таклиф қилинган.
Ўз навбатида Б.Саидов Вьетнамнинг юқори мартабали делегацияси юртимизга ташриф буюриши сабрсизлик билан кутилаётганини айтди.
Ўзбекистон Вьетнам билан анъанавий дўстлик, кўп қиррали ҳамкорликни, айниқса, иқтисодиёт, савдо ва сармоявий соҳаларда янада ривожлантириш тарафдори экани, Бош вазир Фам Мин Чин йиғилишда баён қилган фикрлар қўллаб-қувватланишини билдирди.
Мақолада Бахтиёр Саидовнинг Вьетнам ташқи ишлар вазири Буй Тхан Шон билан учрашувида ташқи сиёсатга оид асосий йўналишлар муҳокама этилгани, икки мамлакат етакчилари, юқори мартабали раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш ҳолати кўриб чиқилгани ҳам баён этилган.
Ханой шаҳрида бўлиб ўтган мулоқот чоғида икки томонлама муносабатдаги улкан салоҳиятни рўёбга чиқариш учун умумий саъй-ҳаракатни кучайтириш кераклиги таъкидланди. Хусусан, иқтисодий дипломатияда улкан имконият мавжудлиги эътироф этилди.

Вьетнам вазири Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ютуқларини юқори баҳолаб, 2021 йилдан ҳозирги кунга қадар товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада, йилига ўртача 30 фоиздан кўпроқ ўсганини қайд этди. Хусусан, 2023 йил ўзаро савдо айланмаси қиймати 159,7 миллион долларни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 32 фоиз ошган.
Мақола муаллифи Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Вьетнам дўстлик ташкилотлари иттифоқи президенти Фан Ан Сон билан ҳам учрашгани, музокара чоғи маданий ва халқ дипломатиясини ривожлантириш, Тошкент ва Ханой шаҳарларида маданият кунларини ўтказиш, университетлар ўртасида таълим дастурларини амалга ошириш ва туризмни ҳар икки йўналишда ривожлантириш бўйича фикр алмашилганига алоҳида ўрин ажратган.
Мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари “Вьетнам бамбук дипломатияси”нинг ўзига хос натижасини юқори баҳолаб, иқтисодиёт, савдо, сармоя, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдирди. Вьетнам Ўзбекистонга минтақа билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан АСЕАН ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришда кўприк вазифасини ўташига умид билдирди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА