Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
13:34 / 2024-03-06

Мисрнинг “Фуқаро” нашри хотин-қизларнинг фан ва технология соҳасида муваффақиятга эришишини қўллаб-қувватловчи “Women in Tech” (Аёллар технология соҳасида) нотижорат ташкилоти мамлакатимизда ҳам фаолиятини йўлга қўйгани ҳақида ёзди.

Мақолада қароргоҳи Парижда жойлашган, 48 мамлакатда бўлими мавжуд мазкур тузилма Марказий Осиё давлатлари ичида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда иш бошлагани таъкидланган.

Муаллиф рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган очилиш маросими замонавий касблар орқали хотин-қизлар салоҳиятини очиб беришга қаратилган “Women in Tech” тузилмаси лойиҳалари билан яқиндан танишишга имкон яратгани хусусида сўз юритган.

– Тадбирда дунёдаги Топ-100 етакчи аёллар рўйхатига кирган махсус меҳмон – компания асосчиси, хотин-қизлар имкониятини кенгайтириш бўйича халқаро эксперт Аюми Мур Аоки ҳам иштирок этди, – деб ёзган муаллиф. – Унинг таъкидлашича, “Women in Tech” ҳозир 200 мингдан кўп аъзога эга, 2030 йилгача 5 миллион аёл ва қизни СТЕАМ (компьютер ўйинлари ва дастурлари учун онлайн рақамли тарқатиш хизмати)да бирлаштиришни мақсад қилган. Нашр юртимиз аёллари ва қизлар учун мазкур соҳада яратилган имкониятлар, технология йўналишидаги айрим муаммолар, жумладан гендер масаласи муҳокама этилгани, иштирокчилар етакчи технология компанияларининг муваффақиятга эришиш йўлидаги тажрибаси билан ўртоқлашгани, шунингдек ахборот технологиялари соҳасида танилган инсонлар билан суҳбатлашиб, ўзаро фикр алмашганига ҳам эътибор қаратган.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА