Янгиликлар нашри – BNN саҳифасида “Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилмоқда: дипломатик ва иқтисодий саъй-ҳаракат” номли мақола эълон қилинди.

– Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Малайзияга ташрифи халқаро муносабатда дипломатик ва иқтисодий алоқани мустаҳкамлашга қаратилган янги саҳифа очади, – дейилади мақолада. – Ташриф сиёсий мулоқотни кучайтириш, ҳар икки томон иқтисодий имкониятини ўрганиш, Осиё-Тинч океани минтақасидаги замонавий муаммоларни ҳал қилиш бўйича умумий мажбуриятни тасдиқлайди. Бу ташриф оддий дипломатик ишора эмас, балки ўзаро истиқболли келажакни таъминлаш, турли соҳаларда шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатни ифодалайди.
Саидов ташрифи давомида Бош вазир Анвар Иброҳим, ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳасан ва Парламент Вакиллар палатаси спикери Абдул Жоҳарий каби юқори лавозимли амалдорлар билан учрашди. Муҳокамаларда кенг доирадаги мавзулар, жумладан томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар кўриб чиқилди. Дипломатик фаолият нафақат сиёсий мулоқотни ривожлантириш, балки иқтисодий, маданий алмашинувнинг янги йўналишларини ўрганиш бўйича умумий мажбурият экани таъкидланди.
Мақолада олий даражадаги учрашувлардан ташқари биринчи Ўзбекистон – Малайзия бизнес-форуми бўлиб ўтгани, анжуман ўзаро савдо ўсиб бораётганидан дарак бериши баробарида, ҳар икки томон бизнеси ривожи йўлида сармоявий имкониятни ўрганиш учун ноёб майдон сифатида намоён бўлиши урғуланган.
– Малайзия ва Ўзбекистон технология, таълим, барқарор ривожланиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш салоҳиятига эга, – деб ёзган муаллиф. – Ҳар икки давлат ўзаро кучли томонларни бирлаштириб, нафақат ўз аҳолисига фойда келтирадиган, балки минтақавий барқарорлик ва фаровонликка ҳисса қўшадиган инновацион ечимларга йўл очишлари мумкин. Мамлакатларимиз ҳамкорликнинг янги уфқларини кашф қилар экан, Осиё-Тинч океани минтақаси учун порлоқ келажак ҳақидаги режалар амалга ошиши шубҳасиз.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА