Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг сайёҳлик дурдонаси
Иордания пойтахти Амман шаҳрида жойлашган хусусий ахборот агентлиги – “Ammon News” “Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг сайёҳлик дурдонаси” сарлавҳали мақола эълон қилди.
“Ўзбекистон Республикаси туризми жаҳон аҳлини олис тарихга, буюк аллома ва мутафаккирлари билан машҳур шаҳарларга етаклайди. Ўзига хос сайёҳлик маскани сифатида бу юрт ўзига хос илм-фан дурдоналари, билимга тўла тарихидан сўзлаши баробарида нуфузли мавқеи, гўзал табиати, меҳмондўст халқи ҳамда донғи кетган миллий таомлари билан ҳар қандай кишини ўзига мафтун қилади.”
Шундай сатрлар билан бошланган мақолада азим Тошкент таърифи чиройли баён этилган. Ҳазрати Имом мажмуасидан таралаётган нур, Усмон Мусҳафи, Бароқхон мадрасаси, қадим шаҳар кўчалари, “Эски жўва” бозори, Кўкалдош мадрасасидан тортиб, шаҳар марказида қайнаётган ҳаёт, фавворалар ҳамда ранг-баранг оқшом чироқларига алоҳида тўхталган.
Хива, Самарқанд, Бухоронинг тарихий обидалари – миноралар, археологик маданий ёдгорликларида намоён салоҳияти билан ажралиб турувчи сеҳрли диёр дунё сайёҳларининг севимли манзилига айланиб бораётгани таъкидланган.
– Ўзбекистон фуқаролари юксак тамаддун вориси бўлмиш халқнинг қонига сингиб кетган меҳмондўстлик фазилати билан барчани ром этади, – дейилади яна мақолада. – Меҳмон учун доимо қўлидан келганича яхшилик қилишга тайёр. Айнан меҳр-оқибат ўзбекни бошқалардан ажратиб туради.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА