Хоразмнинг туризм алмашинувларини жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди
Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, ташқи ишлар вазири ўринбосари Раҳматулла Нуримбетов, вилоятнинг барча туман ва шаҳар ҳокимлари, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирокида видеоконференцалоқа шаклида учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.
Онлайн шаклда ўтган йиғилишда вилоятнинг хорижий ҳамкорлар билан иқтисодий йўналишдаги алоқаларини фаоллаштириш ҳамда туризм алмашинувларини жадаллаштириш масалаларига асосий эътибор қаратилди.
Мамлакатимизнинг хориждаги элчилари томонидан энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм, фармацевтика, экология, ичимлик суви билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва бошқа бир қатор соҳаларда биргаликда лойиҳалар амалга ошириш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди.
Шунингдек, вилоятга илғор технологияларни жалб қилиш ҳамда ижтимоий моҳиятга эга бўлган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича тизимли ва натижага йўналтирилган ҳамкорлик қилиш зарурлиги қайд этилди.