Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмнинг энг фаол нуронийлари
16:31 / 2025-10-28

Дунёда глабаллашув жараёнлари кечаётган бир пайтда кўпни кўрган нуроний отахон ва онахонларнинг бой ҳаётий тажрибаси ёш авлод таълим- тарбияси ҳамда ёш оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимиз бўйлаб “Бир нуроний ўн ёшга масъул”  кўрик-танлови бўлиб ўтмоқда.  Урганч туманида кўрик-танловининг Хоразм вилоят босқичи бўлиб ўтди.   

– Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасида турган ёш оилалар ўртасида тотувлик ва аҳиллик муҳитини яратиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда нуронийларнинг ўрни жуда муҳим, – дейди "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси ўринбосари Эркин Отажонов. – Мазкур танлов эса ана шундай нуронийларни аниқлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилади. Танловнинг қуйи босқичларида 509 та маҳалладан ана шунча нуроний қатнашди. Уларнинг ҳар бири ўнтадан, яъни 5 минг 90 нафар ижтимоий аҳволи ва тарбияси оғир, ишсиз ёшларга масъул бўлишди.   

Танловда туман (шаҳар) босқичида биринчи ўринни қўлга киритган нуронийлар уч шарт бўйича ўзаро баҳслашди.  Улар ўз ҳаётий тажрибаларида, маҳалласида “Бир нуроний ўн нафар ёшга масъул”лойиҳаси асосида амалга оширган ишларни тадбир иштирокчилари ва ҳакамлар ҳайъати аъзолари олдида намойиш этишди.  

Якуний натижаларга кўра,  Боғот тумани Янги қадам маҳалласи нуронийси Сафо Бобожонов учинчи, Урганч шаҳри Янги ҳаёт маҳалласи вакиласи Санобар Нурметова иккинчи ва Хива тумани Парчанхос маҳалласи нуронийси Абдурасул Жуманиёзов биринчи ўринни қўлга киритди. Абдурасул Жуманиёзов эндиликда танловнинг мамлакат босқичида воҳалик нуронийлар номидан қатнашади.

Ёшлар тарбиясида нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда муносиб иштирок этаётган кексаларни рағбатлантириб бориш мақсадида ташкил этилган кўрик-танловнинг вилоят босқичи якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари