Хоразм вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Ҳазорасп туманидаги Боғот ва Тупроққалъа ҳудудларида экспорт ва импорт фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар билан учрашди. Ушбу соҳада бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича таклиф ва муаммолар ўрганилди.
Экспортни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш, бизнесга тўсиқ бўлаётган мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш мақсадида ташкил этилган тадбирда дастлаб солиқ қонунчилигига оид янгиликлар ва ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Хусусан, 2025 йил 1 мартдан бошлаб экспорт қилиш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жисмоний шахслардан харид қилган корхоналар томонидан маҳсулот тўғрисидаги маълумотлар электрон шаклда солиқ органлари базасида акс эттирилиши ва солиқ солиш мақсадларида кирим ҳужжатларига тенглаштирилиши таъкидланди. Шунингдек, учрашувда экспорт салоҳиятини ошириш ва ташқи бозорга чиқиш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди.
– Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва ташқи бозорга чиқиш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган ислоҳотлар халқаро ташкилотларда эътироф этилаётгани бежиз эмас, – дейди Хоразм вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Саидов. – Икки миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган вилоятда жорий йилнинг биринчи чорагида иқтисодий ўсиш тезлашиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши 6,8 фоизни ташкил этди. Ҳудудда ташқи савдо айланмаси 3,2 бараварга ошиб, 857 миллион АҚШ долларга тенг бўлди. Ўтган йили Туркия, Хитой, Германия, Эрон, Россия каби 16 та давлатдан вилоятга 643 миллион 300 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилган. Экспортёрларимиз эса ўтган йили 420 миллион долларлик маҳсулотини хорижга экспорт қилишди.
[gallery-25276]
Тадбиркорларннинг мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солишида учраётган айрим тўсиқ ва муаммолар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга экпорт ва импорт фаолиятида, транспорт-логистика билан боғлиқ масалаларда зарур ёрдам кўрсатиш, уларнинг муаммоларини бартараф қилиш вилоят иқтисодиётини янада барқарорлаштиради.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари