Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмликлар сиёсий жараёнларга бефарқ эмас!
22:53 / 2023-03-26

Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуаси майдонида "Конституция меники, сеники, бизники. Конституция ўзимизники!" шиори остида катта гала-концерт бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда буюк алломаларимиз, азиз авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ватан ҳимояси, эрку озодлиги учун курашиб яшашнинг ёрқин тимсоли Жалолиддин Мангуберди ёдгорлиги қаршисида минглаб хоразмлик ёшлар ва аҳоли вакиллари бугун ҳам ўз юрти тақдирига бефарқ эмасликларини билдириш учун тўпланишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар “Инсон-жамият-давлат” тамойили асосида қабул қилинадиган халқчил Конституция нафақат бугунги, балки келажак авлод  манфаатларига тўла хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлигини таъкидлаб, 30 апрел куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга даъват этди.  

–Бугун  халқимиз  конститутциявий ислоҳотлар жараёнида фаол фуқаролик позициясини намоён қилиб келяпти, – дейди Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши депутати Жуманазар Қурбонов. – Айни фаоллик фуқаролик онг ва сиёсий-ҳуқуқий саводхонликнинг ошганини кўрсатмоқда. Бу эса мамлакатда фуқаролик жамиятини кучайтириш ва сўз эркинлигини таъминлаш чора-тадбирларнинг амалий ифодасидир. Конституциявий ислоҳотлар жаарёнида энг кўп фаолликни айнан ёшлар кўрсатаётгани жуда қувонарли.  

Тадбир давомида Конституциянинг муҳим жиҳатлари хусусида маълумотлар берилди. Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаларида жами 222 минг 715 та таклифлар келиб тушган ва уларнинг 25 фоизи лойиҳага киритилган. Лойиҳани тайёрлашда 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин давлат тажрибаси ўрганилган. Конституция моддалари 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалар 275 тадан 434 тага ошган. Янгиланаётган Конституциямизда Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат эканлиги белгилаб қўйилмоқда. Бу эса юртимизда болалар, ўсмирлар, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ва имконияти чекланган инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур шароитлар яратилишини англатади.

– Онкология – XXI асрнинг инсониятга синови. Бу касалликнинг жуда кўп муаммолари бор. Беморлар учун керакли дориларни топиш ва сотиб олиш, зарур техник ва технологик ускуналар – мобиль маммограф, позитрон-эмиссион томограф, махсус онкомаркерлар ва нур терапиясини амалга оширадиган тиббий асбобларнинг етишмаслиги ва даволаш сифатини ошириш каби муаммолар билан ҳозирга қадар республикамиздаги барча онкологик шифохоналар “оғриб” келади, – дейди  Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали директори Тоҳир Полвонов. – Бизнинг марказда ҳам яқин-яқингача беморларни кимёвий ва нур терапияси билан даволашда қўлланиладиган замонавий ускунамиз йўқ эди. Оқибатда битта беморни 4-5 соатлаб нур остида тутиб турардик. Бу вақт орасида эса уларнинг баданини нур йўналтирилган қисми яхшигина куйиб кетарди ва 5-6 ой ўша куйган жойни даволаш билан ҳам банд бўлардик. Имкониятларнинг чеклангани туфайли ҳар йили 5-6 минг нафар юртдошларимиз дардига даво излаб хорижга чиқиб кетарди. Бизга шу турдаги замонавий янги аппарат етказиб берилгач, беморларни бир ярим дақиқадан ортиқ нур остида тутиб турмаяпмиз. Бу эса беморларнинг нур терапиясини аввалгидек ҳафталаб, баъзан эса ойлаб кутишларига чек қўйди. Бинода шароитнинг бўлгани яхши, аммо ишда ҳам муваффақият бўлиши керак. Бизнинг илмий марказимиз касаллик омилларидан тортиб, самарали даволаш услубларигача ўрганиш бўйича илмий марказлардан бирига айланмоқда. Янгиланаётган Конституциянинг 48-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли” эканлиги белгилаб қўйилмоқда экан. Мен давлатимизнинг мард бўлиб ўз зиммасига шундай мажбуриятни Конституцивий мақомда олаётганидан ғурурландим. 30 апрель куни ана шу ўзгаришни қўллаб-қувватлаб овоз бераман.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров, Бунёд Саидов ва Анвар Собиров  каби элимиз суйган санъаткорлар, вилоятнинг таниқли ижодкорлари ўзларининг энг сара куй-қўшиқлари ва рақслари билан даврага кўтаринкилик бағишлади. Саънаткорлар мухлислари, меҳмонлар билан яқиндан суҳбат қуриб улар билан суратга тушишди. Жорий йилнинг 30 апрел куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этиш иштиёқидаги хоразмликларнинг "Конституция меники, сеники, бизники. Конституция ўзимизники!" деган ҳайқириқлари тадбирнинг бошланишидан то якунига қадар тўхтамади.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/qglROvvYaG4" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Аҳмаджон ШОКИРОВ,  

ЎзА мухбири