Наманган шаҳрида давом этаётган 62-Халқаро гуллар фестивали ўзининг гўзаллиги билан дунёнинг минглаб туристларини, қолаверса республикамизнинг барча ҳудудларидан келаётган кўплаб меҳмонларни ҳам ўзига ром этмоқда.
Гўзаллик ва нафосат байрамини сўнгги икки ҳафта ичида тўрт миллиондан зиёд сайёҳлар томоша қилган. Жумладан, Хоразм вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ташаббуси билан воҳада фаолият юритаётган шаҳар, туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарлари гуллар диёрига ташриф буюрди.


– Наманганга ўзининг тоза ҳавоси айниқса, бетакрор гуллари билан бизни мафтун этди. Шу билан бирга сўлим гўшага келаётган сайёҳлар, меҳмонлар оқими бизни ҳайратга солди, – дейди Хоразм вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчонова. – Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи байрамона безатилган. Хиёбондаги такрорланмас гуллар ҳамманинг эътиборини тортди. Уларда табиат ва инсон меҳнати уйғунлашиб кетган. Буни Наманганга келган ҳар бир меҳмон, сайёҳ ҳис этади. Гуллар фестивали сабаб ҳамкасблар фаолияти билан танишиш, тажриба алмашишга мувофиқ бўлдик. Меҳмонлар “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Наманган филиали ахборот хизмати раҳбари Дилшодбек Абдувосиев билан учрашди. Тажриба алмашиш истагидаги ахборот хизматлари раҳбарлари яратилган шароитлар кўздан кечирилди.

– Бугунги кунда аҳоли мурожаатлари билан кенг кўламда ишлар олиб борилиши сир эмас. Ахборот хизмати раҳбарининг бу борадаги масъулияти катта. Мана шундай замон талабларига мос тарзда соҳа вакилларига эътибор қаратилиши бизларга маъқул келди, – дейди Хоразм вилоятининг Янгибозор тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Умида Нурматова. – Муҳими, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашилгани яққол кўзга ташланиб турибди. Вилоят марказига кўрк бағишлаб турган, “Матбуот уйи”да бўлиб ўтган мулоқотлар самимий руҳда кечди. “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда” газеталари жамоаси ҳар бир хона ва бу ерда яратилган шароитлар касбдошларда яхши таассурот қолдирди. Қарийб 2,6 миллиард сўм эвазига қайта таъмирланган ушбу масканда нафақат вилоят газеталари таҳририяти, қолаверса, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ҳудудий мухбирлик пункти, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилояти бўлими ҳамда бир қатор маҳаллий босма ва электрон нашрлар фаолият юритиб келмоқда.

Меҳмонлар шунингдек, Наманган вилоятининг Уйчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммадали Қамбаров фаолияти билан ҳам танишдилар.
– Биз туман ҳокимларининг матбуот котиблари иш фаолияти билан танишар эканмиз, аввало водий вилоятида барча зарур шароитлар ва қулай имкониятлар яратилганлиги эътиборимизни тортди, – дейди Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани Ахборот хизмати раҳбари Жамила Усмонова. – Самимий, талабчан, ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлар ва туман ҳокимлиги веб-сайтини юритилиши ростдан ҳам ўрганишга арзийди. Муҳими, Уйчи тумани ҳокими матбуот котибининг инсоний фазилатларига бўлган меҳрим ортди. Олти етим болани қарамоғига олиб, уларни ўғилларим, – дея фахрлана олаётгани, жонкуярлиги бизни бирдек ҳаяжонга солди.

Шундан сўнг журналистлар Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – Ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонаси фаолияти билан танишди. Ўзаро фикр ва тажриба алмашинуви мулоқотларида Хоразм вилоятининг Гурлан, Хонқа, Урганч туманлари ҳокимликларининг ахборот хизмати раҳбарлари фаол иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА