Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмлик ёшлар “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасида беллашди
17:13 / 2024-04-13

ФОТОРЕПОРТАЖ

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Ватан таянчи” отрядлари аъзолари иштирокида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.

Таъкидлаш жоиз, 2021 йилдан бошлаб мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларининг “Ватан таянчи” отрядлари аъзолари ўртасида ўтказилаётган мазкур мусобақа минглаб ёшларни бирлаштириб, куч ва билимни синовчи ҳақиқий баҳс майдонига айланиб улгурди.

Мусобақада 11 та туман ҳамда Урганч ва Хива шаҳар босқичида ғолиб бўлган мактабларнинг юқори синфларида таҳсил олаётган ўқувчилардан иборат жами 13 та жамоа шиддатли баҳсларда ўзаро куч синашди.

Мусобақа низомига кўра, беллашувда ҳар жамоадан 7 нафар ўғил бола ва 3 нафар қиз иштирок этишига рухсат берилган. Жамоалар “Моҳир мерган”, “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”, “Сафда қўшиқ айтиш”, “Темур тузуклари” билимдони”, “Турникда тортилиш”, “Ватан таянчи юлдузлари” шартларида ўз маҳоратини намойиш этди. 

[gallery-16907]

Якуний натижаларга кўра, Хонқа туманидаги 40-умумтаълим мактабининг “Ватанпарварлар” жамоаси мусобақа ғолиби бўлди. Гурлан туманидаги 42-мактабнинг “Шер” жамоаси фахрли иккинчи ўринга лойиқ, деб топилди. Янгиариқ туманидаги 5-умумтаълим мактабининг “Жасорат” жамоаси шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Шунингдек, “Энг кучли спортчи”, “Энг яхши мерган”, “Темур тузуклари” билимдони” ҳамда “Энг яхши ижрочи” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолиб ва совриндор жамоаларни тақдирлаш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Улуғбек Дўсматов иштирок этиб, ўсиб келаётган ёш авлодга қаратилаётган юксак эътибор, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган салмоқли ишларни эътироф этди. Бу каби мусобақалар ёшларда лидерлик хусусиятини шакллантириб, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини одат қилишга тарғиб этиши билан аҳамиятли эканини таъкидлади.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, кубок, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув-спорт техника клублари томонидан намойиш этилган спорт техникалари ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисм томонидан намойиш этилган қурол-аслаҳа кўргазмаси ёшларда катта таассуротлар қолдирди.

Беҳзодбек САИДОВ (сурат), ЎзА