Урганч гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бири ҳамда Ёшлар марказида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Хоразм вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят кенгаши, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши ҳамда Урганч ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида “Ватан таянчи” отрядлари аъзолари иштирокида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг кубоги учун “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг Хоразм вилояти босқичи ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, 2021 йилдан бошлаб март-май ойларида мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларининг “Ватан таянчи” отрядлари аъзолари ўртасида ўтказилаётган мазкур мусобақа минглаб ёшларни бирлаштириб, уларга куч ва билим синашиш учун ҳақиқий баҳс майдонига айланди.
Мусобақада туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган мактабларнинг юқори синфларида таҳсил олаётган ўқувчилардан иборат жами 13 та жамоа ўзаро куч синашди.
Мусобақа низомига кўра, беллашувда ҳар жамоадан 7 нафар ўғил ва 3 нафар қиз бола иштирок этишига рухсат берилган. Ҳарбий-спорт мусобақасининг “Мерганлар беллашуви”, “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”, “Турникда тортилиш” ҳамда “Орқа билан ётган ҳолатдан танани кўтариш”, “Билимдонлар” шартларида иштирокчилар юқори натижаларни қайд этишди.
[gallery-22803]
– “Арқон тортиш” беллашувида ёшлар жамоада бир ёқадан бош чиқариб, бирдамликда ишлашни намойиш этиб, кучли рақобатлашди, – дейди Хоразм вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Мамажонов. – “Сафда қўшиқ айтиш” деб номланган кейинги шартда жамоалар сафда шахдам қадамлар билан юриб, ҳарбийча қўшиқларни жонли ижро этиши белгиланган. Мазкур шартни баҳолаш мезонларига иштирокчиларнинг ҳарбийча уст-бош кийим русуми, уни саранжом кийиши, ўзини сафда тутиши ҳамда қўшиқни бир маромда куйлаши киради.
Мусобақа низомига янги киритилган “Смарт сардор” ихтирочилик танловида иштирокчилар ўзлари ихтиро этган робототехника ёки бошқа замонавий лойиҳаларни тақдим этишди.
Ғолиб ва совриндор жамоаларни тақдирлаш маросимида иштирок этганлар ўсиб келаётган ёш авлод учун мамлакатимизда берилаётган эътибор, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган салмоқли ишларни эътироф этишди.
Якуний натижаларга кўра, барча шартлар бўйича юқори натижа кўрсатган Урганч туманидаги 19- умумтаълим мактабининг “Енгилмаслар” жамоаси шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Хонқа туманидаги 40- мактабнинг “Султон Жалолиддин” жамоаси иккинчи ўринга лойиқ деб топилди.
Мусобақанинг мутлақ ғолиблиги эса Қўшкўпир тумани 16- умумтаълим мактабининг “Жалолиддин Мангуберди” жамоасига насиб этди. Ушбу жамоа мусобақанинг якуний босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари