Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманида “Хоразм мақом кечаси” концерт дастури бўлиб ўтди.
Тумандаги 17-болалар ва мусиқа санъат мактаби концерт залида бўлиб ўтган маданий кечада Хоразм мақом ансамбли ҳамда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артистлари ака-ука Ғофуржон ва Ғуломжон Эшчоновлар элимиз суйган қизиқарли дастурлари билан санъат мухлисларига бир олам қувонч улашди.


“Савти суввора”, “Доғман”, “Содирхон ушшоғи” каби Хоразм мақомининг бетакрор намуналари, Комилжон Отаниёзов, Раҳматжон Қурбонов, Ортиқ Отажонов ва Отажон Худойшукуров сингари машҳур санъаткорларнинг халқимиз севиб тинглайдиган куй-қўшиқлари жонли ижро этилди.


Мақом кечаси миллий маданий меросимизни асраб-авайлаб, халқимизнинг нафис санъатимизга меҳр-муҳаббатини янада кучайтириш ва Хоразм мақом анъаналарини кенг тарғиб этишга хизмат қилгани билан томошабинларга манзур бўлди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА