Хоразмлик юқори синф ўқувчилари Урганч гарнизонидаги ҳарбий хизматчиларнинг кўмаги билан полигонда жанговар қуролдан биринчи маротаба амалий отиш машқларини бажаришда давом этмоқда.
2020 йилнинг 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган йиғилишда умумтаълим муассасалари 11-синф ўқувчиларининг Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фанидан олган назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув йилида бир марта ҳарбий полигонга олиб чиқиш тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берилган эди. Шунга асосан, 2021 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Халқ таълими вазирликларининг қўшма қарори имзоланиб, унда мактаб ўқувчилари март ва май ойида Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фанидан олган назарий билимларни амалда мустаҳкамлаши белгиланган.
Хоразм вилояти бўйича 11-синфда ўқийдиган жами 12 406 нафар ўғил болалардан бугунги кунга қадар 8 449 нафари ушбу тайёргарлик машғулотларидан ўтиб бўлди. Машғулотлар шу йилнинг 19 май кунига қадар давом этади.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов Хоразм вилоятига сафари давомида ўқувчиларнинг навбатдаги ўқ отиш машғулотларини кузатиш учун дала-ўқув майдонига ташриф буюрди. Шижоатли хоразмлик ёшларининг тайёргарлик машғулотларини, шунингдек, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Урганч ҳарбий прокуратураси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Фахрийлар ишлари бўйича Хоразм вилояти кенгаши вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик кузатди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.
Полигонда ҳарбийларга хос қатъият билан ҳаракат қилаётган ёшларнинг таассуротлари бир олам. Ўқув нуқталаридаги машғулот раҳбарларининг ҳар бир гапини диққат билан тинглаб турган қалби қайноқ ёшларнинг бу ўқув машғулотларга қизиқиши ўзгача.
Жанговар қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан танишув бўлажак юрт ҳимоячиларига ўзгача қувонч бағишлаган бўлса, автомат билан бажарилган амалий ўқ отиш машқи бир оз ҳаяжонлантиргандек бўлди.
Ўқув нуқталарида тажрибали офицер ва сержантлар раҳбарлигида ёшларга жанговар қуроллар билан муомала қилиш, улардан фойдаланиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш бўйича машғулотлар ташкил этилди. Гранаталарни улоқтириш, автомат ўқдонига патронларни ўқлаш, аниқ мўлжалга олишни ўрганиш, турли ҳолатлардан қуролни отишга тайёрлаш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш каби машқлар ёшлардаги ҳарбийликка бўлган қизиқишни янада оширди.
Биринчи маротаба жанговар қуролдан ўқ узган ёшларнинг кўрсатган натижалари машғулот раҳбарлари томонидан юқори баҳоланди. Ҳар бир ўқувчи 100 метр узоқликда турган нишонга қарата 3 донадан ўқ узиб, ўзини бир зумга бўлса ҳам ҳақиқий “жанг майдони”дагидек ҳис эта олди.
Машғулотлар якунида ўқувчи-ёшлар дала-ўқув майдонидаги ошхонада ёзилган дастурхонда ҳарбийча тушлик тановул қилишди.