Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмдаги умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланди
14:39 / 2025-09-02

Хоразм вилоятида ҳам “Билимлар куни” мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрамига уйғун ҳолда нишонланди.

Айни дамда вилоятда жами 544 та умумий ўрта таълим мактаби, 1 та Президент, 1 та ижод, 14 та ихтисослаштирилган мактаб, 32 та нодавлат умумтаълим мактаби фаолият олиб бормоқда.  

Ҳудудларда 2025/2026 ўқув йили бошланиши муносабати 20 та мактаб реконструкция қилинди ва қурилди. Бунинг ҳисобига 8 минг 880 нафар ўқувчи ўрни янгидан яратилди.

Янги ўқув йилида умумтаълим мактабларига 38 минг180 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилинди.  

Ўқувчилар учун 12 номдаги “Президент совға”лари ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда 1-синфга борадиган 33 минг 550 нафар, таълим рус, қозоқ ва туркман  тилларида олиб бориладиган мактабларда 3 минг 392  нафар ўқувчи учун дарсликлар тўплами тўлиқ тайёрланди.  

Тупроққалъа Хоразмнинг энг чекка ва энг кенжа туманларидан ҳисобланади. Ушбу тумандаги мактабларда ҳам янги ўқув йилининг биринчи дарс соатлари бошланди.  

Хоразм вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Саидов Туркманистон билан чегарадош ҳудуддаги 7-умумтаълим мактабида ўтказилган “Биринчи қўғироқ” тадбирида қатнашди ва ўқувчиларни самимий табриклади.  Давлатимиз раҳбарининг табригини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи мактабнинг 1-синфга қабул қилинган 39 нафар ўқувчига “Президент совғаси” ни ҳам тақдим қилди. 

[gallery-25129]

– Мамлакатимизда таълим-тарбия жараёнлари тобора такомиллашиб бораётгани, ҳар йили кўплаб янги ўқув масканлари барпо этилаётгани, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани келажагимиз эгалари учун катта имкониятдир, – дейди Шуҳрат Саидов. – Чиндан ҳам, кўзлари илмга ҳавас ва ҳаяжон билан чақнаб турган азму шижоатли ёшларимиз  юксалиш ва камолот, бахт ва саодат сари интилимоқда. 

Маълумот ўрнида: жорий ўқув йилида Тупроққалъа туманидаги 21 та умумтаълим, 1 та ихтисослашган ва 2 та хусусий мактабда 12 мингдан ортиқ ўқувчи ўғил-қизлар таҳсил олади. Уларнинг 1268 нафари шу йил 1-синфга қабул қилинди.

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари