Тарихимизни ўрганамиз
Бугунги ва келажак авлодлар аждодларимиз эришган ютуқлар билан бир қаторда халқимиз бошидан кечирган оғир ва машъум даврларни ҳам чуқур англаб етиши лозим. Гарчи 1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка тинч йўл билан эришган бўлса-да, бу улуғ мақсадга етиб келиш йўлида юз минглаб юртдошларимиз мустамлакачилик ва тоталитар тузум зулми қурбони бўлгани тарихий ҳақиқатдир.
2025 йил 31 август куни Тошкент шаҳридаги Шаҳидлар хотираси майдонига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу масаланинг долзарблигини алоҳида таъкидлаб, қуйидагиларни қайд этди: «Ватанимиз фидойиларини улуғлаш, хотирасини абадийлаштириш бўйича кўп ишлар қиляпмиз. Сўнгги саккиз йилда 1 минг 200 дан зиёд жафокаш боболаримиз номи оқланди. “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи реконструкция қилиниб, минглаб янги ҳужжатлар билан тўлдирилди. Ҳудудларда ҳам шундай музейлар ташкил этилди. Бу йил жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини нишонлаяпмиз. Бухоро шаҳрида Жадидлар мероси давлат музейи ташкил қилинмоқда. Энди буларнинг мазмунини, “тирик” тарихимизни халқимизга кенгроқ етказиш керак».
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, қатағонлар тарихи ҳали тўла ўрганилмаганини, қурбонларни аниқлаш ва улар хотирасини тиклаш бўйича илмий тадқиқотларни изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлади. 2024 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида белгиланиб, 2025 йилда мазкур тадбир “Хотира ва тарбия ҳафталиги” номи остида ташкил этилди.
Сиёсий қатағонларнинг тарихи ва моҳияти
Сиёсий қатағонлар 1917 йил Октябрь инқилобидан кейин бошланиб, совет ҳокимиятининг мустаҳкамланиши жараёнида оммавий тус олди. Бу жараёнда нафақат большевиклар сиёсатини очиқ танқид қилган сиёсий мухолифлар, балки мавжуд тузумга нисбатан мустақил фикр билдирган кенг ижтимоий қатлам вакиллари ҳам таъқиб этилди. Қатағонлар ижтимоий табақалар асосида амалга оширилиб, собиқ ҳарбийлар, давлат амалдорлари, руҳонийлар, ер ва мулк эгалари асосий нишонга айлантирилди.
1930 йилларнинг бошларида қишлоқ хўжалигини мажбурий жамоалаштириш сиёсати жорий этилиши қатағонларни янада кескинлаштирди. Айниқса, 1937-1938 йиллардаги “Катта қирғин” даврида юз минглаб инсонлар “сиёсий жиноятчи”, “халқ душмани”, “аксилинқилобчи” каби сохта айбловлар билан отиб ташланди ёки ГУЛАГ тизимидаги меҳнат лагерларига жўнатилди.
Жамоалаштириш ва қулоқлаштириш сиёсати
Совет ҳокимиятининг ХХ аср 20-йиллари охири – 30-йиллари бошида амалга оширган ер-сув ислоҳотлари, жамоалаштириш ва қулоқлаштириш сиёсати маъмурий-буйруқбозлик тизими асосида қишлоқ хўжалигида хусусий мулкчиликни батамом тугатиш ҳамда давлатнинг тўлиқ иқтисодий назоратини ўрнатишга қаратилган эди. Ушбу сиёсат иқтисодий манфаатлардан кўра, социалистик мафкура устуворлиги асосида амалга оширилиб, деҳқонларнинг асрлар давомида шаклланган мулкчилик муносабатларини сунъий равишда йўқ қилди.
Қулоқлаштириш ижтимоий табақаларни сунъий равишда “душман синф” сифатида белгилашга асосланди. Натижада қишлоқ жамиятининг иқтисодий фаол, ташаббускор қатламлари – йирик ва ўртаҳол деҳқонлар, ҳунармандлар, савдогарлар, тадбиркорлар ҳамда диний уламолар маъмурий-жазо чоралари орқали йўқ қилинди. Бу ҳолат қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш салоҳиятининг пасайиши, меҳнат унумдорлигининг тушиши ва озиқ-овқат муаммоларининг кучайишига олиб келди.
1930 йил 1 январдан 1931 йил 1 июлгача Ўрта Осиёда мавжуд бўлган 1 210 000 деҳқон хўжалигидан 6 159 тасининг “қулоқ” сифатида тугатилиши қатағонга асосланган иқтисодий сиёсатнинг кўламини яққол кўрсатади.1931 йил баҳорида бошланган иккинчи босқич оммавий депортация тусини олиб, аҳолининг катта қисми ижтимоий муҳитдан узиб ташланди. Бу жараён демографик таркибнинг бузилиши, меҳнат ресурсларининг нотенг тақсимланиши ва маҳаллий иқтисодий тизимларнинг издан чиқишига сабаб бўлди.
1937 йилда СССР Халқ Комиссарлари Совети ва ВКП(б) Марказий Қўмитаси томонидан қабул қилинган махсус қарорга мувофиқ, Россиянинг Узоқ Шарқ ҳудудларида истиқомат қилиб келган корейс миллати вакиллари сиёсий жиҳатдан “ишончсиз аҳоли қатлами” сифатида баҳоланди. Шу асосда уларни мамлакатнинг ички ҳудудларига, жумладан Марказий Осиё Республикаларига мажбурий тарзда кўчириш сиёсати амалга оширилди.
1937 йилнинг октябрь–ноябрь ойларида Ўзбекистон ҳудудига жами 74 500 нафар корейс аҳолиси, яъни 16 307 та оила депортация қилинган бўлиб, уларнинг маълум қисми Хоразм вилоятига жойлаштирилди. Хусусан, Гурлан туманига 1 197 та оила таркибидаги 5 799 нафар корейс миллати вакиллари кўчириб келтирилди.
Ушбу депортация жараёнлари республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ўта мураккаблиги, озиқ-овқат таъминотида жиддий танқислик мавжудлиги, тураржойлар етишмаслиги ҳамда иш ўринларининг чекланганлиги шароитида амалга оширилгани билан характерланади.
Шу билан бирга, депортация сиёсати билан чекланиб қолмасдан, 1938 йилга келиб Гурлан туманида ва умуман Хоразм округида яшаб турган корейс миллати вакиллари оммавий равишда сиёсий қатағонларга дучор этилди. Уларга нисбатан асосан “аксилинқилобчи”, “совет ҳокимиятига қарши тарғибот олиб борган” каби асоссиз ва сохта айбловлар қўйилди.
Ҳозиргача олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида Хоразм ҳудудида истиқомат қилиб, сиёсий қатағонларга учраган корейс миллати вакилларидан 30 нафарга яқини аниқланган.
Хоразм вилояти мисолида қатағонлар таҳлили
Олиб борилган тадқиқотларга кўра, Хоразм воҳасида “Қулоқлаштириш” жараёнида 794 нафар,“Катта қирғин” даврида 1 332 нафар,1940–1950 йилларда 98 нафар,“Пахта иши” доирасида 162 нафар шахс қатағонга учраган.
1873-1990 йиллар оралиғида тахминан 4 200 нафар хоразмлик турли шаклдаги сиёсий таъқиб ва қатағонларга дучор бўлган. Ҳозирги кунда улардан 2 750 нафарининг шахси архив ва бошқа ҳужжатли манбалар асосида аниқланиб, “Қатағон қурбонлари” хотира китобининг биринчи жилдига киритилган. Шу билан бирга, мазкур рақамлар якуний бўлмай, қатағон қурбонларини аниқлаш ва улар ҳақидаги маълумотларни тўлдириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари изчил равишда давом эттирилмоқда.
Сиёсий қатағонлар Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё тарихида чуқур ижтимоий, демографик ва маънавий из қолдирган фожиали жараён сифатида баҳоланади. Ушбу фожиали саҳифаларни илмий асосда ўрганиш, қурбонлар хотирасини абадийлаштириш ва ўтмиш хатоларининг такрорланишига йўл қўймаслик бугунги ва келажак авлод олдидаги муҳим маънавий ҳамда илмий бурчдир.
Эл-юртимиз озодлиги, қадр-қиммати ва миллий қадриятлари йўлида қурбон бўлган аждодларимиз хотираси миннатдор авлодлар қалбида абадий сақланиб қолади.
1938 йилда отилган Хоразм зиёлиларининг фожиали қисмати
XX асрдаги совет тоталитар тузуми тарихда чуқур из қолдирган сиёсий қатағонлари Октябрь инқилобидан сўнг бошланган бўлиб, оммавий қамоққа олишлар, сохта гувоҳликлар асосида ўтказилган суд жараёнлари, меҳнат лагерларига юбориш (ГУЛАГ тизими), жисмоний ва маънавий йўқ қилиш каби усуллар билан амалга оширилди.
Айниқса, 1937-1938 йилларда юзага келган “Катта қирғин” даври тарихга сиёсий тазйиқларнинг энг оғир даври сифатида муҳрланди. Бу даврда юз минглаб инсонлар турли туҳмат ва сохта айбловлар билан жазоланди. Қатағонлар доираси кенг бўлиб, жамиятнинг турли қатламларини қамраб олди – давлат арбоблари, ижтимоий фанлар ва маданият намояндалари, ҳарбийлар, партия фаоллари, ишчи ва деҳқонлар қамоққа олинди ёки отиб ташланди.
Тарихчилар ҳисоб-китобларига кўра, сиёсий қатағонлар натижасида 1930–1953 йиллар оралиғида камида 3 миллиондан зиёд инсон ГУЛАГ лагерларига юборилган, юз минглаб киши эса қатл этилган.
Ўзбекистон тарихида 1937–1953 йиллар совет режимининг энг қаттиқ сиёсий қатағонлар даври бўлиб, бу йилларда Ўзбекистонда тахминан 100 минг киши турли айбловлар асосида қамоққа олинган, шундан катта қисми ёшлар ва миллий зиёлилар вакиллари, аёллар эди. Қатағонлар кўлами республика ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётига катта зарар етказди.
Ушбу қатағонлар остида миллий кадрлар йўқ қилинди ёки қамоққа ташланди. Бу сиёсий тазйиқлар Ўзбекистонда мақсадли ва тизимли тарзда амалга оширилиб, миллий раҳбар кадрларни бартараф этиш орқали совет ҳокимиятининг мутлақ назоратини ўрнатишга қаратилган эди. Ўзбекистонда миллий зиёли қатламга мансуб маданият, адабиёт, илмий-тадқиқот ва давлат бошқарувида фаолият юритган бир неча минг нафар арбоблар совет айбловлари асосида ноҳақ жазоланди. Бу эса миллий кадрлар захирасининг катта қисқаришига олиб келди.
Ўзбекистонда мазкур даврда миллий мафкура ва сиёсий барқарорликка жиддий таҳдидлар юзага келди. Миллий ўзлик ва анъанавий қадриятларга нисбатан ишончсизлик кайфияти шаклланди. Миллий кадрларнинг оммавий равишда таъқиб қилиниши ва қамоққа олиниши уларнинг жамиятдаги таъсирини кескин камайтирди, бу эса ўз навбатида миллий ўзликнинг шаклланиши ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатди.
“Катта қирғин” даврида кўплаб ёзувчилар, олимлар, давлат арбоблари сиёсий айбловлар билан қамоққа олинди, жиноятларга алоқадор бўлмаган кўп сонли одамлар қатл этилди. Бу жараён миллий маданият ва илм-фаннинг ривожланишига катта тўсиқ бўлди.
1937–1953 йилларда амалга оширилган қатағонлар Ўзбекистонда жамоатчилик ҳаётини кескин ўзгартирди. Миллий кадрларнинг йўқолиши, маданий меросга қарши босимлар мамлакатда ижтимоий ва маданий инқирозга сабаб бўлди. Бундан ташқари, халқ орасида хавотир, беқарорлик ва ишончсизлик муҳити шаклланди. Кўплаб оилалар парчаланиб, жамиятнинг иқтисодий ва маънавий тараққиётига салбий таъсир кўрсатилди.
Қатағонлар, айниқса, Ўзбекистонда оғир тус олган. Таниқли зиёлилар – Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Қурбон Берегин каби юксак илмий ва адабий салоҳият эгалари сохта айбловлар билан отиб ўлдирилган.
Совет режимидаги сиёсий қатағонлар жамиятда қўрқув муҳитини вужудга келтирди, эркин фикрлаш ва илмий ижодга салбий таъсир кўрсатди.

Худойберган Девонов (1878–1938) Хива шаҳрида туғилган. У Марказий Осиёда фотография ва кинооператорлик санъати асосчиси сифатида тарихда муҳим ўрин тутади. У нафақат фотографик, балки кинематографик жараёнларни ўзлаштириб, уларни амалий равишда ҳаётга татбиқ этган.
XX аср бошларида Худойберган Девонов Хоразмда фотографиянинг илк мактабини ташкил этган. У миллий чегараланишдан аввал таълим-тарбия техникуми қошида хусусий фотография шуъбасини очиб, 13 нафар ёшга бу соҳанинг асосларини ўргатган. Шунингдек, бир неча шогирдларни тарбиялаб, улар орқали миллий фотография мактабини шакллантиришга ҳисса қўшган. Унинг ташаббуси билан Хоразм мактабларида фотография фан сифатида ўқитила бошлагани замирида, бу соҳанинг тизимли тарзда ривожланишини таъминлаш мақсади мужассам эди.
Девонов фаолиятининг 1920-йиллар охири ва 1930-йиллар бошидаги даври ҳам алоҳида аҳамиятга эга. У нафақат ўзбек киноси, балки СССР марказий “Союзкиножурнал” ижодий буюртмалари асосида ҳам иш олиб борган. Жумладан, у 1929 йилда “Ишчи аёллар”, “Шўркўл”, “Кўза”, “Чиғир”, “Тузкон”, “Дегиш офати”, “Хоразм далаларида”, “Пахта карвони” каби ҳужжатли фильм ва сюжетларни тасвирга олган. “Шўркўл” фильми Хоразмдаги шифобахш суви билан машҳур масканга бағишланган бўлиб, унинг замонавий ҳужжатли кинематография учун ҳам амалий ва эстетик аҳамияти сақланиб қолган.
У бир вақтнинг ўзида “Узбекистанская правда” (ҳозирги “Правда Востока”), “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) ва “Инқилоб қуёши” сингари нашрларнинг фотомухбири сифатида ҳам фаолият кўрсатган. 1932 йилдан эътиборан Хива туманида фото бўлим мудири сифатида ишлаган. 1936 йил 23 апрель куни Хоразм вилояти ижроия қўмитаси томонидан унга 35 йиллик фидокорона меҳнати учун шахсий нафақа тайинланган.
Сиёсий фаолияти нуқтаи назаридан, Худойберган Девонов 1920 йилда Хоразм Халқ Совет Республикасида давлат назорати нозири, 1921 йилда қоғоз корхонаси бошлиғи, 1922 йилда хорижий ишлар комиссари, шунингдек, молия нозири лавозимларида ишлаган. 1926 йилга қадар Хоразм округи молия бўлими бошлиғи вазифасини ҳам бажарган. Фидокорона меҳнатлари учун Хоразм Халқ Совет Республикасининг “Меҳнат” ордени билан тақдирланган.
Бироқ 1937 йил 17 август куни Хоразм округи Ички ишлар халқ комиссари бўлими (ИИХК) бошлиғи Калмиковнинг ташаббуси билан у қатағон қилинди. Худойберган Девоновга “аксилинқилобчи унсур”, “Хива хонининг министри билан алоқадор”, “инглиз жосуси Жунаидхон билан ҳамкорлик қилган”, “Файзулла Хўжаев ва Давлат Ризаев раҳбарлик қилган махфий ташкилот аъзоси” каби асоссиз ва сиёсий мақсадларга йўналтирилган айбловлар қўйилди.
Айбловлар қаторида унга фотосуратлардан жосуслик мақсадида фойдалангани, Ф.Хўжаевга тақдим этилган 30 та сурат орқали “жосуслик фаолияти”ни амалга оширгани ҳам киритилди. Аммо суд жараёнида Х.Девонов ушбу айбловларни рад этган. Шу ҳолатга қарамай, 1938 йил 5 октябрь куни соат 10:35 дан 10:55 гача давом этган НКВДнинг "учлик" суди томонидан у олий жазога – отувга ҳукм этилди. Бироқ архив манбаларидан маълум бўлишича, Худойберган Девонов отув жазоси 1938 йил 4 октябрь куни тунда ижро этилган. Бу эса суд қароридан аввал қатл қилинганини кўрсатади.
Худойберган Девоновнинг қатағон қилиниши унинг ижодий меросини ҳам узоқ йиллар соя остида қолдирди. Фақат 1959 йил 25 июн куни СССР Олий Суди Ҳарбий коллегияси қарори билан у расман оқланди.
Худойберган Девонов ўз даврининг миллий маданияти ва фото, кино санъат соҳасида мустаҳкам пойдевор яратган илғор фидойи шахс сифатида тарихда қолди. Унинг ҳаёт ва ижоди совет ҳукмрон тузумининг маъмурий-сиёсий қатағонлари фақат шахслар тақдирини эмас, балки халқнинг маънавий-маърифий тараққиёти ва миллий маданий меросини ҳам қандай оғир оқибатларга дучор этганини ёрқин намоён этади. Девонов қисмати миллатнинг илмий ва маданий салоҳиятига қилинган зулмнинг жонли исботидир.

Шоликоров Назир 1881 йили Хива шаҳрининг Ур маҳалласида туғилган. У ўз вақтида Хоразм Халқ Шўролар Жумҳурияти (ХХШЖ)да муҳим давлат вазифаларини бажарган, салоҳиятли маъмур ва жамоат арбоби сифатида танилган.
Назир Шоликоров ХХШЖнинг ички ишлар нозири сифатида хизмат қилган. Шу билан бирга, Хоразм Адлия нозирлиги қошида ташкил этилган милиция бошқармаси бошлиғи ҳамда Хива шаҳар мудофаа бўлими бошлиғи каби масъулиятли лавозимларда фаолият юритиб, жамият хавфсизлигини таъминлаш ва тартибни сақлашда фаол иштирок этган. Унинг фаолияти ХХ аср бошларидаги сиёсий-ижтимоий ўзгаришлар, миллий давлатчилик шаклланиши ва Хоразмдаги мустақил идорачилик тизимининг йўлга қўйилиши даври билан чамбарчас боғлиқдир.
Бироқ 1937 йилда бошланган сиёсий қатағонлар Шоликоров Назирни ҳам четлаб ўтмади. У 1937 йил 16 август куни ҳибсга олинган ва унга нисбатан Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 57-моддаси 1-қисми, 58, 64 ва 67-моддалари асосида “аксилинқилобчилик фаолияти”да айбловлар қўйилган. Айбловлар асосан сохта далиллар ва тўқиб чиқарилган гувоҳликларга таянилган бўлиб, ўша даврдаги айблов сценарийларидан бири эди.
1938 йил 4 октябрь куни Шоликоров “учлик” қарорининг хулосасига кўра олий жазо – отувга ҳукм этилган. Суд ҳукми 1938 йил 5 октябр куни, яъни жазо ижро этилганидан кейин расман расмийлаштирилган. Бу ҳолат ўша даврдаги қатағон амалиётида кенг тарқалган бўлиб, кўплаб шахслар дастлаб отиб ташланиб, кейин суд қарорлари орқали жазоланган деб ҳисобланган.
Кейинчалик, Назир Шоликоров иши қайта кўриб чиқилди. 1958 йил 4 декабр куни СССР Олий Суди Ҳарбий коллегияси томонидан у тўлиқ оқланган, яъни унга қарши қўйилган барча айбловлар асоссиз деб топилиб, реабилитация қилинган.

Қурбон Берегин (Оллоберганов) – ўзбек халқи тарихида эзгу ном қолдирган атоқли давлат ва жамоат арбоби, миллат равнақи учун хизмат қилган зиёлилардан бири ҳисобланади. У 1904 йилда Хоразм вилоятининг маркази – Хива шаҳрида туғилган.
Унинг меҳнат фаолияти 1920-йиллар бошида бошланган. 1922–1925 йиллар давомида ёшлар ташкилотлари ҳамда партия органларида турли лавозимларда фаолият юритган. Унинг ташкилий қобилияти ва мафкуравий савияси юқори баҳоланиб, кейинчалик масъул партия ва ижтимоий-сиёсий лавозимларга тайинланган.
1930-йиллар давомида Қурбон Берегин миллий адабиёт, матбуот ва мафкуравий ишлар билан чуқур шуғулланган. У 1930-йиллар давомида Ўзбекистон Совет Ёзувчилари уюшмасида, Ўзбекистон ССР Коммунистик партиясида бўлим мудири, шунингдек, Ўзбекистон давлат нашриётининг раиси сифатида фаолият юритган. Шу билан бирга, у “Инқилоб қуёши”, “Маданий инқилоб” ва “Совет адабиёти” (ҳозирги “Шарқ юлдузи”) каби ўша даврнинг нуфузли ижтимоий-адабий нашрларида бош муҳаррир сифатида меҳнат қилган. Ушбу нашрлар орқали у мафкуравий ғояларни тарғиб қилиш баробарида, миллий адабиёт ва маънавият ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшган.1936–1937 йилларда у ЎзССР КП(б) Марказий Қўмитаси қошидаги маданий-маърифий бўлимга раҳбарлик қилган. Унинг раҳбарлиги даврида миллий адабиёт ва босма нашрлар соҳасида муҳим ютуқлар кузатилган.
Бироқ 1937 йилда бошланган сиёсий қатағонлар Қурбон Берегинни ҳам йўқотишга қаратилди. У 1937 йил 5 сентябрда “миллатчи зиёлиларни асраб қолиш”, аксилинқилобий ташкилотга алоқадорлик каби сохта ва тўқиб чиқарилган айблар асосида қамоққа олинди. Қатағон машинасининг навбатдаги қурбонига айланган Қурбон Берегин бир йил давомида қамоқхонада қаттиқ азоб ва маънавий тазйиқлар остида сақланган.
1938 йил 3 октябр туни, соат 00:40 да СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегиясида унинг устидан суд жараёни бошланган. Жами беш дақиқа давом этган бу “суд”да – 4 октябр соат 01:05 да Қурбон Берегинга олий жазо — отув ҳукми чиқарилган. Суд ҳукми ўша туннинг ўзида Юнусободдаги НКВД қатлгоҳида ижро этилган. У ўзининг сафдошлари – миллий ҳаракат ва ижтимоий тараққиёт учун курашган ўнлаб зиёлилар билан бирга отиб ташланган.
Унинг айбсизлиги 1956 йилда расман тан олинди ва Қурбон Берегин СССР Олий Судининг қарорига мувофиқ тўлиқ оқланди.
Ёқуб Юсупович Девонов – 1906 йилда Хива шаҳрида туғилган. У жадал ижтимоий-сиёсий фаолияти билан Ўзбекистоннинг совет даври бошланғич тарихида муносиб ўрин эгаллаган шахслардан бири ҳисобланади.

1921–1923 йилларда Хоразм комсомоли Марказий кенгаши бошқарма бошлиғи сифатида иш бошлаган. Кейинги йилларда – 1924–1925 йилларда Хоразм комсомоли маданий-маърифий ишлар бўлими мудири ва Марказий кенгаш котиби вазифаларида фаолият юритган. 1925–1926 йилларда эса Ўзбекистон комсомоли Ташкилий бюросига раҳбарлик қилган. Унинг бу соҳадаги фаолияти 1927–1928 йилларда Марказий кенгаш котиби лавозимида, 1928–1931 йилларда эса Москвадаги Коммунистик ёшлар интернационали (КИМ) Ижроия қўмитаси таркибида Яқин Шарқ бўлими мудири ва референти сифатида давом этган.
1933 йилдан бошлаб Ёқуб Девонов Янгийўл Машина-трактор станцияси (МТС) сиёсий бўлимига раҳбарлик қилган. 1935 йилдан қамоққа олингунига қадар Калинин тумани партия қўмитаси биринчи котиби сифатида ишлаган.
Сиёсий қатағонлар авж олган бир давр — 1937 йил 29 сентябрда у “аксилинқилобий фаолият”да айбланиб, қамоққа олинган. ЎзССР Жиноят кодексининг 58, 64, 63 ва 67-моддалари асосида айбланиб, НКВД “учлиги” томонидан 1938 йил 4 октябрда олий жазо– отувга ҳукм қилинган ва шу куни жазо ижро этилган.
Сиёсий қурбонлардан бири сифатида 1957 йил 1 август куни СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегияси томонидан мутлақ оқланган. Унинг номи кейинги авлодлар хотирасида миллий сиёсий раҳбар ва ёшлар ҳаракатининг фидокори сифатида сақланиб қолган.

Каримберди Болтаев (1901–1938) Хива шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилган. Илк таълимини анъанавий эски мактаб ва нўғай мактабида олган. 1920 йилда Хоразм хонлиги ағдарилиши натижасида янги совет ҳокимияти тизимига қўшилиб, комсомол сафларига кирди ва партия мактабини тамомлади. 1921 йилдан эса Коммунистик партия аъзоси сифатида фаолият юритишни бошлади.
1923–1924 йилларда у ХХСР Комсомол қўмитаси котиби ҳамда Хоразм ОГПУ бошлиғи лавозимларини эгаллади. 1925–1927 йилларда Хоразм вилояти инқилобий қўмитаси раиси ва партия қўмитасининг биринчи котиби сифатида минтақавий маъмуриятда муҳим вазифаларни бажарди. 1928–1929 йилларда Москвадаги Сталин номидаги Шарқ меҳнаткашларининг Коммунистик университетида таълим олгани унинг марказий ҳокимият билан боғлиқлигини мустаҳкамлади.
1929–1930 йилларда ЎзССР Коммунистик партияси Марказий қўмитасида қишлоқ хўжалиги бўлими мудири сифатида фаолият кўрсатди. 1930–1934 йилларда эса ЎзССР Ер ишлари халқ комиссари лавозимини эгаллаб, ер ва қишлоқ хўжалиги соҳасида муҳим ислоҳотларни амалга оширишда иштирок этди. 1936–1937 йилларда Андижон шаҳри партия қўмитаси биринчи котиби сифатида фаолият юритди, 1937 йил сентябрдан Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитаси котиби лавозимига тайинланди.
Бироқ, 1937 йилги сталинча сиёсий тазйиқлар доирасида 2 октябрь куни у асоссиз равишда қамоққа олинди ва “аксилинқилобий фаолият”да айбланиб, 1938 йил 4 октябрда НКВД “учлиги” томонидан отув жазосига ҳукм қилинди ва ҳукм шу куни ижро этилди.
Сиёсий қатағон қурбони сифатида асоссиз равишда жазога тортилган Каримберди Болтаевнинг иши кейинчалик қайта кўриб чиқилди ва 1956 йил 23 июнь куни СССР Олий Суди Ҳарбий коллегияси томонидан унга нисбатан қўлланилган барча айбловлар бекор қилиниб, оқлаш қарори чиқарилди.
Раҳматуллаев Атажон (1898–1938) – ўз фаолияти давомида совет ҳокимияти тизимида амалга оширилган кенг қамровли сиёсий қатағонлар қурбонига айланди. 1930-йиллар ўрталарида унга “аксилинқилобчи” сифатида айбловлар қўйилиб, 1938 йил 17 январда қамоқ жазосига маҳкум қилинган.
Унинг иши НКВДнинг махсус “учлик” суди томонидан кўриб чиқилиб, 1938 йил 4 октябрда олий жазога – ўлимга ҳукм қилинган. Бу ҳукм Сталин давридаги сиёсий таъқиблар, ноқонуний суд жараёнлари ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши жараёнлари қаторига киради. Рахматуллаевнинг айбловлари асосли эмаслиги кейинги йилларда аниқланди.
СССРда 1980-йилларнинг охирида амалга оширилган тарихий адолатни тиклаш жараёнлари доирасида Рахматуллаев Атажон 1989 йил 17 майда оқланган. Бу оқланиш унинг номини адолатсизлик ва ноҳақ жазолардан тозалаган.
Совет даври сиёсий қатағонлари – тарихий сабоқ сифатида инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва эркин жамият қуриш йўлида жиддий таҳлил қилиниши шарт бўлган жараёндир. Бугунги кунда бу даврга нисбатан холис, илмий ва танқидий ёндашув талаб этилади. Қатағонлар қурбонларини хотирлаш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини тиклаш эса миллий ўзликни тиклашнинг муҳим йўналишидир.
Юлдузхон Раҳмонова,
Ўзбекистон тарихчилар жамияти Хоразм вилоят бўлими раиси, Урганч давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, профессор.
ЎзА