“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хоразм вилояти бўлими бошқарувининг 2022 йил якуни ва жорий йилда амалга оширилиши белгиланган вазифаларга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бўлими бошқаруви раиси Алтибой Раджабовнинг ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, фонднинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож 1 минг 38 нафар фуқароларга 237 миллион 438 минг сўмлик мурувват ёрдами кўрсатилган. Бундан ташқари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хоразм вилояти бўлими бошқаруви ва худудий бўлинмалари ҳузурида очилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси хисоб рақамига тушган маблағлари хисобидан 2022 йилда Халқ депутатлари шаҳарлар ва туманлар Кенгашининг қарорларига асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар ва ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга жами 11 миллиард 760 миллион сўмдан ортиқ мурувват ёрдамлари кўрсатилди.
Шунингдек, йиғилишда ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар танқидий муҳокама қилинди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш ва келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича масъул ходимларга топшириқлар берилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Ёшлар қалбида юксак маънавиятни шакллантиришда китоб ва китобхонликнинг аҳамияти беқиёс. Шу боисдан ҳам давлатимиз раҳбари томонидан аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни шу мақсадда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хоразм вилояти бўлими томонидан ҳар бир маҳаллада ўз кутубхоналарини ташкил қилиш ва аҳолининг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини ошириш мақсадида 70 та маҳалла фуқаролар йиғинларига 40 хил номдаги 2 мингдан зиёд ўзбек ва жаҳон адабиётига мансуб бадиий китоблар жамланмаси топширилди.
– Маҳаллаларнинг ўз кутубхоналарини ташкил қилиш ва уларни бадиий адабиётлар билан бойитиб бориш аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилади, – дейди фонднинг Хоразм вилояти бошқаруви раиси Алтибой Ражапов.– Айниқса, фарзандларимиз тарбиясида, уларнинг манан етук бўлиб камол топишида китобнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам маҳалла кутубхоналари ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ўстиришга хизмат қиладиган китоблар билан тўлдирилмоқда.
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА мухбири