French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмдаги 553 та референдум ўтказувчи участка комиссиялари аъзолари таркиби тасдиқланди
09:38 / 2023-04-06

12-Хоразм округ комиссиясининг навбатдаги йиғилишида референдум ўтказувчи участкаларни тузиш масаласи кўриб чиқилди.

Йиғилишни комиссия раиси Бахром Абдуллаев бошқариб борди. Таъкидландики, "Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида" ги қонунда референдум участкалари туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг, ҳарбий қисмларда қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан референдум ўтказувчи округ комиссиялари томонидан тузилиши белгилаб қўйилган.

Референдум участкалари туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олиниб, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга кўпроқ қулайлик яратиш учун тузилиши белгиланган. Шунингдек, ҳарбий қисмлар, касалхона ва санаторийлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, бориш қийин бўлган узоқ ҳудудлардаги аҳоли пунктларида ҳам ташкил этилади. Шунга кўра, вилоят ҳудудидаги 2 та шаҳар ва 11 та туман ҳокимлари ҳамда 6 та ҳарбий қисм командирларининг  тақдим этилган тақдимномалари асосида Хоразмда 553 та референдум участкаси ташкил этишга қарор қилинди.

– Референдум ўтказиш учун биноларни участка комиссияси фаолиятини олиб бориши учун, айниқса овоз берувчилар учун ҳар томонлама қулай бўлган манзилларда жойлашган бўлишига алоҳида эътибор қаратдик, – дейди 12-Хоразм округ комиссияси аъзоси Санжар Яқубов. – Натижада барча қулайликларга эга бўлган бинолар, хоналар ажратилишига эришилди. Улар референдум ўтказиш учун зарур бўладиган барча жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Вилоят бўйича 424 та участка мактаб биносида, 3 та участка олий таълим муассасалари биноларида, 5 та участка маҳалла гузарида, 6 та участка ҳарбий қисмларда, 18 та участка шифохоналарда, 39 та участка профессионал таълим муассасалари биноларида, 4 та участка давлатга қарашли корхона ва ташкилот биноларида, 28 та участка маданият ва спорт марказлари биноларида, 10 та участка адлия ва давлат хизматлари марказида ҳамда 16 та участка тадбиркорларга тегишли биноларда ташкил этилди.  

Умумхалқ референдумини ўтказувчи 12-Хорзам округ комиссияси маълумотига кўра, ҳудудларда участка комиссиялари аъзолигига номзодларни тасдиқлаш масаласига пухта тайёргарлик кўрилган. Хусусан, қонунчилик талабига мувофиқ таҳлил қилиниб, комиссиялар таркибидаги ёшлар, гендер тенглиги ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг киритилганлигига ҳам алоҳида этибор қаратилган.  

– Округ кесимида 553 та участкада жами 5 минг 863 нафар комиссия аъзолари тасдиқланди, – дейди 12-Хоразм округ комиссияси аъзоси Отабек Саидов. – Референдум ўтказувчи комиссияларнинг сифат таркибига ҳам алоҳида эътибор қаратилди ва уларнинг 85 фоизи сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлганлардан, 77,6 фоизи олий маълумотлилар, 41 фоизи хотин-қизлар, 14,6 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлар ҳамда 3,6 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан ташкил топган.

Участкалар рўйхати вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Йиғилишда округ фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Аҳмаджон ШОКИРОВ,

ЎзА