Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда ёшлар ва маънавият масалалари муҳокама қилинди
19:23 / 2025-07-24

Сўнгги кунларда Хоразм вилоятида ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоят ҳудудларида ўтказилган ўрганишлар натижаларига бағишланган йиғилишда ушбу масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Вилоят ҳокимлигида ташкил этилган йиғилишда Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси ва ишчи гуруҳи раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар, таълим муассасалари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирок этди. Йиғилиш барча туман ва шаҳарлар билан видеоконференц алоқа орқали ўтказилди.

Асосий эътибор ёшлар бандлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш масалаларига қаратилди. Қайд этилишича, ҳозирги пайтда айрим ҳудудларда ёшлар билан ишлаш борасида сусткашликка йўл қўйилмоқда. Хусусан, “оғир тоифадаги” ёшларни ўз ҳолича ташлаб қўйиш, улар билан индивидуал ишлашга масъул ташкилотлар томонидан етарли эътибор қаратилмаётгани таъкидланди.

[gallery-24465]

Мазкур ҳолатлар натижасида тарбияси мураккаб ёшлар жиноят содир этиш ҳолатларига мойил бўлиб, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш ишлари самарасиз бўлмоқда. Шу сабабли ҳуқуқ-тартибот органлари, таълим муассасалари, маҳалла раислари ва ёшлар етакчилари ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда ёшларга ер ажратиш, уларни тадбиркорликка жалб этиш орқали даромад манбаларини яратиш ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди. Шунингдек, таълим муассасалари билан маҳаллалар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, ҳар бир ёшни ўрганиб, манзилли ёндашувни кучайтириш талаб этилди.

Йиғилиш якунида барча масъул раҳбарлар ҳисобот бериб, аниқланган муаммолар юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Ёшлар билан ишлашга бағишланган йиғилишнинг узвий давоми сифатида вилоят Маънавият ва маърифат кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов сўзга чиқди.

Йиғилишда глобал ахборот хуружлари, ёт ғоялар таъсири ортиб бораётган бир пайтда миллий ва умуминсоний қадриятларни муҳофаза қилиш, ёшларнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Маърифий ва тарбиявий ишларни замон талабларига мослаштириш, инновацион усуллар асосида олиб бориш масалалари муҳокама этилди.

Йиғилиш якунида Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов сўзга чиқиб, ёшлар ва маънавият масалалари барча даражадаги раҳбарлар учун устувор вазифага айланиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. 

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари