Урганч шаҳридаги Бизнесга кўмаклашиш марказида Япониянинг Ямагата университети профессори иштирокида “U HOPE”, яъни “СЕН ИШОН” дастури бўйича ўқитилаёган тренерлар учун ўқув машғулоти ташкил этилди.
Япониянинг Ямагата университети тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган англашув меморандумига биноан ташкил этилган тадбирда вилоятдаги Бизнесга кўмаклашиш марказида тадбиркорлар фаолиятига кўмаклашиш бўйича ўқитилган тренерлар иштирок этди.
Мазкур ўқув-семинар тренерлар малакасини оширишга қаратилган навбатдаги қадам бўлиб, келгусида ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга замин яратади. Бу ўз навбатида, янги бизнесларни яратиш ва ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали амалга оширилади. Тадбирда қатнашган Ямагата университети профессори замонавий бошқарув ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир япон методикаси, шунингдек, унинг амалий кўникмалари, халқаро стандартлари ҳақида маълумот берди.
[gallery-21100]
--1949 йилда ташкил этилган Ямагата университети жаҳондаги энг яхши 600 та университет қаторига киради, 18 мамлакатдаги 48 та университет ва институт билан ҳамкорлик қилади, профессор-олимлари АҚШнинг Кремний водийсидаги нуфузли компаниялар, Леново, Митсуи каби корпорацияларнинг бошқарув аъзолари ҳисобланади,-- дейли япониялик ментор Шинжи Омата. – Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш учун барча ресурслар етарли деб биламан. Япония бундан бир неча йиллар олдин иқтисодий таназзулга учраган ва ана шу босқичдан иқтисодий барқарорликка эришган. Хоразмда бундай лойиҳани амалга оширишимиздан асосий мақсад ҳудуддаги кичик тадбиркорларни ўрта, ўрта тоифадагиларни эса йирик тадбиркорларга айлантиришдир.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 сентябрдаги қарори асосида кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришни кўзда тутувчи дастур доирасида амалга оширилмоқда. Ўқув курсларида тадбиркорлар бизнес кўникмаларини ривожлантириш, бизнес-режа ишлаб чиқиш, лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини топиш каби йўналишларда ўқитилади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари