Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда янги йил шукуҳи (+видео)
12:08 / 2024-12-30

Янги йилни барчамиз интизорлик билан кутамиз. Болаликдан Янги йил байрами мўъжизалар, янги қувончлар, янги орзулар олиб келувчи байрам сифатида хотирамизда қолган. Бу йил ҳам

Хоразм вилоятида  янги йил байрамини юксак даражада нишонлаш бўйича катта тайёргарлик кўрилди.  Урганч шаҳрида учта, бошқа туман ва шаҳарлар марказларида ўрнатилган янги йил арчалари атрофида байрамга бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Деярли барча марказий кўчаларга ранг-баранг чироқлар илинди. Марказда безатилган улкан байрам арчаси атрофида қорбоболар карвони кезиб юрибди, инсонга ўзгача илиқлик бағишлайдиган концерт дастурлари, болажонлар учун шоу дастурлар ташкил этилмоқда.  

Байрамга ташриф буюрувчилар арзонлаштирилган ярмаркалар орқали яқинларига, оила аъзоларига ҳам совғалар харид қилиши учун қулай шароитлар яратилган. Вилоятнинг барча туманларидаги мавжуд деҳқон бозорларида уюштирилган алоҳида расталардаги арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида деҳқон ва фермер хўжаликлари етиштирган турли хил озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан аҳолига хизмат кўрсатилмоқда.

Бозорлар тўкинлиги ризқ-рўзимиз бутунлигидан далолатдир. Вилоятнинг барча туманларида, энг чекка ҳудудларида арзонлаштирилган ярмаркалар, кўчма савдо дўконлари ташкил этилиб, байрам кунларида озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда аҳолига тақдим этилмоқда.

--Кеча оиламиз билан Урганч шаҳридаги янги йил арчасини томоша қилишга бордик,-- дейди урганчлик уй бекаси Севара Шомуродова. – Байрамона безатилган шаҳримиз янада чирой очган. Одамларнинг кайфиятлари  аъло даражада. Савдо ярмаркасидан ўзимиз учун керакли бўлган маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олдик. Озиқ-овқатдан ташқари кийим-кечаклар ҳам маъқул нархларда  сотилмоқда. Бир-биримизга совғалар олдик. Фарзандларим мазза қилиб арча атрофида ўйнади. Байрам театрлашган саҳна кўринишларига уланиб кетди. Қорбобо, Қорқиз ва эртак қаҳрамонлари иштирокидаги байрам томошаси болажонларимга унутилмас қувончли лаҳзаларни ҳадя этди.

<iframe width="695" height="391" src="https://www.youtube.com/embed/Qwb3R1kawj4" title="Xorazmda yangi yil shukuhi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Янги йил байрамини кўнгилдагидек ўтказишда осойишталикни сақлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Хоразмдаги  тегишли идоралар томонидан байрам арафасида ва байрам кунлари тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режа асосида амалга оширилмоқда.

Айни кунларда ҳам вилоятимизда ички ишлар тизимида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётир.  

Вилоятдаги жами 15 та жойга ўрнатилган янги йил арчаси атрофида хавфсизлик штаблари ташкил этилган бўлиб, тадбирлар бўлиб ўтадиган жойларга 134 та, шундан 50 та инсон юзидан таниб олувчи кузатув камераси ўрнатилган. Кириш жойларида постлар ташкил этилган.  

--Тинчлик ва хотиржамлик – олий неъмат. Шунинг учун ҳам тинч ва фаровон юртга байрамлар ярашади. Бироқ ана шу ҳотиржамликни таъминлаш учун байрам кунлари ҳушёрлик ва сергакликни ҳар доимгидан кўра ошириб, байрамнинг тинч ва осойишта ўтиши учун масъул кишилар тунни тонгга улаб хизмат қилиши лозим,-- дейди Хоразм вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ бошлиғи ўринбосари Рашид Султонов.-- Ҳозирги мураккаб замон тинч-осойишта ҳаётимизни асраш ва мустаҳкамлаш, халқимизнинг кафолатланган хавфсизлигини таъминлаш масаласини янада долзарб қилиб қўймоқда. Бунинг учун доимо огоҳ ва сергак бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш талаб этилаётир. Ички ишлар идораларининг фаолияти ҳам ана шу асосда такомиллаштирилмоқда.  

Барча ҳудудлар одамлар билан тўла, марказга ўрнатилган саҳналарда эстрадамиз таниқли санъаткорлари томонидан  кечаю кундуз концерт дастурлари, турли шоу ва фестиваллар ҳам ташкил этилмоқда.

Айни кунларда вилоят бўйлаб “Қорболар карвони” ҳам ўтказилмоқда. 300 нафардан ортиқ Қорбобо ва Қорқиз кўринишидаги кўнгиллилар эртак қаҳрамонлари тимсолидаги аниматорлар ва созандалар билан биргаликда шаҳар ва туманларнинг марказий кўчалари бўйлаб пиёда юриб, янги йил арчаси атрофидаги аҳолининг кайфиятини кўтаришмоқда.

Хуллас, Хоразмда Янги йил шукуҳи кезмоқда. Айниқса, оқшом пайтида сайр қилсангиз, кўча чироқлари, байрамона безатилган жойлар ва янги йил арчалари атрофида юрган кишиларни кўриб, дилингиз яйрайди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Qwb3R1kawj4" title="Xorazmda yangi yil shukuhi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат, видео),  ЎзА мухбирлари