Хива шаҳридаги "Фаровон" меҳмонхонасида халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди.
Унда 32 нафар дипломатик корпус вакили, дунёнинг 31 та давлатидан ташриф буюрган 315 нафар ишбилармон иштирок этди. Форумнинг очилишида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ва ҳуқуқий кафолатлар, Хоразм вилоятининг иқтисодий салоҳияти ҳақида маълумот берди. Сўзга чиққанлар иқтисодиёти барқарор ривожланаётган Хоразм вилоятининг инвестициявий жозибадорлигини эътироф этдилар.
– Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, чорва ва паррандачилик соҳалари бўйича лойиҳаларимиз бор, – дейди туркиялик тадбиркор Рустем Турк. – Айнан шу соҳаларга инвестиция киритиш истагидамиз. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз ҳар томонлама яхши бўлади. Ўзбекистонда ҳозирги кунда инвестиция сармоя соҳаси яхши ривожланяпти ва лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятлар кўп. Айниқса, инвесторлар учун яратилган қулай шароит ва муҳитдан мамнунмиз.
Буюк ипак йўлида жойлашган Хоразмда азалдан карвонлар орқали дунёнинг турли минтақалари билан ўзаро савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш алоқалари кенг йўлга қўйилган. Кейинги 8 йилда бу алоқалар қайта тикланиб, хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди.
Биргина Хоразм вилоятига сўнгги 5 йилда хорижий инвестицияларни киритиш ҳажми 10 баробарга, экспорт ҳажми 15 баробарга ўсиб, 200 тадан ортиқ хорижий ва қўшма корхоналар ташкил қилинди. Форумда хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида бир қатор келишувларга эришилди.
– Ўзбекистон ва Хоразмга биринчи маротаба ташриф буюрдим, – дейди хитойлик тадбиркор Guanоui Zeng. – Бундан олдин Хоразмдан бизнинг юртимизга делегация борган ва Хоразмдаги имкониятлар ҳақида маълумотлар беришган. Бу ердаги форумда илк маротаба қатнашаётган бўлсам ҳам йирик лойиҳам билан келдим. Лойиҳа йўлларга тунги чироқлар ўрнатиш бўйича. Умид қиламанки, бу лойиҳа ҳар икки томонга ҳам яхши ва манфаатли бўлади.
Вилоятда саноат, савдо, транспорт, логистика, туризм, АКТ ҳамда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун катта имкониятлар бор. Халқаро инвестицион форумдан кўзланган асосий мақсад ҳам вилоятда савдо-иқтисодий, инвестицион ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашдан иборат.
– Ўзбекистоннинг “IТ парк”лари билан ҳамкорликда ишлаймиз, –дейди АҚШлик инвестор Кристиан Хопкинс. – Шу сабабдан ҳам Хивада ўтказилаётган Инвесторлар халқаро форумига таклифни қабул қилиб, бу ерга келдим. Форум юксак савияда қадимий шаҳарда ташкил этилгани менга жуда ёқди. Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда АКТ соҳаси жуда ривожланаётганлигини кузатмоқда.
Шу сабабдан ҳозирги даврда ўзбекистонлик дастурчилар билан кўпроқ иш олиб боряпмиз. Айниқса, хоразмлик АКТ мутахассисларининг ишлари жуда сифатли. Биз нафақат профессионаллар, балки хоразмлик талабалар билан ҳам кўп ишлаймиз. Бу соҳада Ўзбекистон ёшларининг жуда кўпчилиги банд бўлаётгани соҳанинг келажаги борлигидан далолат беради. Ҳозир форум доирасида В2В форматидаги учрашувларда иштирок этиб, бу ердаги имкониятларни ўрганиб, ўз логистика фаолиятимни мазкур манзилда юритишни режалаштираяпман.
Қизғин мулоқотларга бой тарзда ўтаётган форум доирасида қатор хорижий йирик компаниялар билан савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада кенгайтириш юзасидан ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.
– Биз В2В форматидаги учрашувда Урганч туманида чиқиндини қайта ишлаб, ёқиб ҳосил бўлган энергиядан электр энергия олиш лойиҳаси бўйича келишувларга эришдик, – дейди хитойлик инвестор Gap-Cheol Kim. – Хоразм вилоятида чиқиндиларни қайта ишлаб, электр энергияси олиш лойиҳасини амалга оширмоқчимиз.
Шунингдек, ушбу лойиҳага 100 миллион долларлик инвестиция киритиш кўзда тутилган ва бугун меморандумлар имзоланди. Биламизки, бутун дунёда энергия олиш муаммо. Биз эса чиқиндини қайта ишлаб осон йўл билан энергия олмоқчимиз. Умид қиламизки, бу икки томон учун ҳам манфаатли ва фойдали бўлади.
[gallery-25397]
Форумнинг иккинчи куни тадбир иштирокчилари Хоразм вилоятининг диққатга сазовор манзиллари ва саноат корхоналари фаолияти билан танишдилар.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА