Урганч шаҳрида “Ануштегин Хоразмшоҳлар сулоласининг ўзбек давлатчилигидаги ўрни” мавзусида Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ва фаолиятига бағишланган халқаро конференция ўтказилмоқда.
Она юртга муҳаббат ва садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида Турон арслони Жалолиддин Мангубердининг жасоратига аллома ва ҳукмдор Мирзо Улуғбек “Олам аҳли Жалолиддиндан олдин ҳам, кейин ҳам бундай баҳодир жангчини кўрмаган. Бу зотнинг шижоати олдида ҳатто буюкликнинг ўзи ҳам таъзим қилади”, – дея таъриф берган эди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Урганч давлат университети, Маъмун университетлари ҳамкорлигида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция мавзуси “Жалолиддин Мангуберди ҳаёти ва фаолияти. Ануштегин Хоразмшоҳлар сулоласининг ўзбек давлатчилигидаги ўрни” деб номланди.

Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов анжуманни очиб берар экан, султон Жалолиддин Мангуберди бобомизнинг Ватан озодлиги йўлидаги жасорати ва матонатини эътироф этиб, буюк саркарда ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш борасида чет эллик илмий тадқиқотчилар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш хусусида тўхталди.

Конференцияда Туркия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россиядан 20 дан ортиқ, республикамизнинг барча ҳудудларидан 50 га яқин маҳаллий тарихчи олимлар, профессорлар иштирок этмоқда. Тантанали очилиш маросимидан кейин иштирокчилар Урганч Давлат университетида шўъбаларга бўлиниб, “Ануштегинийлар даври тарихи манбашунослиги ва тарихшунослиги масалалари”, “ХII аср охири – ХIII аср бошларида Ануштегин Хоразмшоҳлар давлатидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий вазият ва маданий ҳаёт”, “Жалолиддин Мангуберди ва Ануштегин Хоразмшоҳлар даври ҳарбий санъати, мудофаа ва хавфсизлик масалалари”, “Ануштегинийлар даври ўзбек давлатчилигининг жаҳон тарихидаги ўрни”, “Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва фаолиятига доир янги маълумотлар” мавзулари юзасидан музокаралар ўтказишди.
Тадбирлар давомида хорижий меҳмонлар учун Хива шаҳрига саёҳат, хорижий олимларнинг вилоятдаги олий таълим муассасалари талабалари, ёш олимлар билан семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Аҳмаджон ШОКИРОВ,
ЎзА