Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами арафасида Хоразм вилояти Урганч шаҳрида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига 5 қаватли хизмат турар жой биноси фойдаланишга топширилди.
Урганч шаҳридаги ҳарбий қисмнинг илгари бўш турган ҳудудида эндиликда 40 та хизмат-лавозим хонадонидан иборат бўлган кўп қаватли шинам турар жой биноси қад ростлаб, 24-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчага айлантирилди.
Барча қулайликларга эга бўлган янги хизмат хонадонлари халқимиз ва юртимиз тинчлигини садоқат билан ҳимоя қилиб келаётган юрт ҳимоячиларига байрам арафасида ўзгача туҳфа бўлди.
Янги уйларнинг калитини эгаларига топшириш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар кейинги йилларда ҳарбий соҳага бўлаётган эътибор туфайли ҳарбий қисм ва муассасалар, дала-ўқув майдонлари инфратузилмасини такомиллаштириш, юрт ҳимоясидек масъулиятли касб эгалари ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш, уй-жой билан таъминлаш, ҳарбий пенсионерларнинг ижтимоий муҳофазаси каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.
10 та уч хонали ва 30 та икки хонали хизмат-лавозим уйлари ҳарбий хизматчиларнинг Урганч гарнизонидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда хизматни ўташ даврига берилиб, бошқа лавозимга ўтгандан кейин ўрнига келган навбатдаги ҳарбий хизматчига кейинги фойдаланиш учун тақдим этилади ҳамда Мудофаа вазирлиги балансида қолади.
Хонадонлар барча қулайликларга эга бўлиб, ҳарбий қисм олдида бўлгани учун жанговар шайликни юксак даражада ушлаб туришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг зарур ҳолларда оила аъзоларидан хабар олиши, хизматдан бўш вақтларида ҳарбий шаҳарча олдидаги истироҳат боғида сайр қилиш имкони мавжуд бўлгани эса янада қувонарли. Турар жой биносининг ҳовли қисмида бунёд этилган болалар майдончаси эндиликда келажагимиз эгаларининг доим шоду-хуррам, севиниб юришлари учун хизмат қилади.
Қўмондон янги хизмат-лавозим хонадонларининг калитларини тантанали тарзда топшириб, бу уйлар юрт ҳимоячилари ва улар оилалари учун яхши кунларда хизмат қилишига ишонч билдирди.
Абдуллажон УМАРАЛИЕВ,
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ
матбуот хизмати ходими, кичик сержант.
ЎзА