Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Дастлаб ҳарбий-маъмурий сектор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва кенг жамоатчилик вакиллари Жалолиддин Мангуберди ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, буюк саркарда ва Ватанимиз озодлиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
Шундан сўнг, байрам тадбири вилоят мусиқали драма театрида давом этди.
Хоразм вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов Ватан ҳимоячиларини қутлуғ сана муносабати билан самимий табриклади.
Вилоят ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмларга, шунингдек, хизмат вазифаларини бажаришда юқори касбий маҳорати билан ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
[gallery-27115]
Санъат усталари томонидан ижро этилган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар, ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган саҳна кўринишлари байрам иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Байрам вилоятнинг шаҳар ва туманларида ҳам кенг нишонланмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари