Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда таржимонлик мактабига асос солган маърифатпарварни биласизми?
08:05 / 2025-03-19

Ватанимиз тарихидаги 19 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1778 йил (бундан 247 йил олдин) – Хивадаги Қиёт қишлоғида шоир, тарихнавис, таржимон, хаттот ва маърифатпарвар Шермуҳаммад Мунис дунёга келди. Мунис жуда вақтли сарой хизматига жалб қилинади ва у аввал хонзода Муҳаммад Раҳимбек (бўлажак хон Муҳаммад Раҳимхон I) хизматида бўлган. Мунис отасига ўхшаб мироб сифатида хон ва хонзоданинг ҳарбий юришлари ва овларида ҳамроҳлик қилган. У ўз замонасида жуда ҳам истеъдодли шахслардан эди. Буни унинг атрофидагилари ҳам тан олган. 

Хива хони Элтузар 1805 йилда унга ўз сулоласи тарихини ёзишни буюради. Мунис ўзининг тарихий асарини “Фирдавс ул-иқбол” (“Бахту саодат жаннати”) деб номлади. Элтузар вафотидан сўнг у мазкур асарни ёзишни тўхтатади ва Муҳаммад Раҳимхон I буйруғи билан уни яна давом эттиради. Кейинги танаффус 1819 йил ўрталарида бошланди. Бунга сабаб, Муҳаммад Раҳимхон I Мунисга Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асарини ўзбек тилига таржима қилишни буюради. Мунис мазкур асарнинг биринчи дафтарини, иккинчи дафтарининг бир қисмини таржима қилишга улгурди. 1825 йилда Муҳаммад Раҳимхон I вафот этади. Янги хон Оллоҳқули ҳам унга таржимани тугатишни буюради. Мунис таржимонликка шундай берилиб кетадики, “Фирдавс ул-иқбол”ни давом эттиришга улгурмайди. 1829 йил июнда безгак эпидемияси натижасида вафот этади. 

Мунис таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилган олимдир. У форс тилидан ўзбек тилига биринчилардан бўлиб асарларни таржима қилиб, Хоразмда таржимонлик мактабига асос солди. Унинг ишларини шогирди ва  жияни (укасининг ўғли) Огаҳий давом эттириб, бу мактаб савиясини янада юқорига кўтариб, энг сермаҳсул ижод қилган таржимонга ҳам айланди. Огаҳий жами 20 га яқин асарларни форс тилидан таржима қилган. Улар орасида шарқ мутафаккирлари, олим ва адибларининг машҳур асарлари мавжуд.

1908 йил (бундан 117 йил олдин) – Россия императори фармони билан сенатор граф Константин Пален бошчилигида Туркистон генерал-губернаторлигини тафтиш қилиш учун махсус комиссия тузилди. Комиссия 1908 йил 13 июлдан 1909 йил бошларигача фаолият кўрсатди. Пален комиссияси маълумотлари мустамлака давридаги маҳаллий халқнинг аҳволини баҳолаш, шунингдек, рус маъмурларининг мустамлакачилик сиёсати ва унинг Туркистон халқлари ҳаётига таъсирини тушуниш имконини беради.

1938 йил (бундан 87 йил олдин) – Ўзбекистондаги миллий мактабларда мажбуран рус тилини ўқитиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бунга биноан мактабдан тортиб то олий ўқув юртларигача маҳаллий миллат вакилларига рус тилини ўрганиш мажбурияти юкланди. Умумий таълим мактаблари ва олий ўқув юртларида мажлислар, йиғилишлар рус тилида олиб бориладиган бўлиб қолди.

1954 йил (бундан 71 йил олдин) – таниқли жарроҳ, тиббиёт олими, фаол жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Зайниддин Низомхўжаев таваллуд топди. Унинг мамлакатимизда тиббиёт ривожи, халқимиз саломатлигини сақлаш йўлида олиб бораётган илмий ва амалий фаолияти давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Хизматлари эътироф этилиб, давлатимизнинг олий мукофоти – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди. Зайниддин Низомхўжаев айни пайтда Марказий сайлов комиссияси раиси вазифасида фаолият юритмоқда.

1958 йил (бундан 67 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг Жанубий Сурхон сув омборини қуриш ҳақидаги қарори қабул қилинди. Техник лойиҳа бўйича сув омборининг ҳажми 800 миллион куб метр, унинг фойдали сиғими 610 миллион куб метр бўлиши лозим эди. Сув омборининг юзаси 150 минг гектарни ташкил қилган.

1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Пўлат Мўмин ва Ўткир Ҳошимовга “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони берилди.

1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон чернобилчилар ассоциацияси ташкил этилди. Чернобилчилар ассоциацияси чернобил фожеаси ва бошқа радиацион-ядровий объектларда талафот кўрган фуқароларга, шунингдек, вафот қилган оилаларга ва болаларга амалий ёрдам кўрсатиш, ассоциация маблағи ҳисобидан чернобилчиларни дорилар билан бепул таъминлаш учун дорихоналар тармоғини ташкил этиш вазифаларини амалга оширади.

1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Янги Зеландия Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди. 

1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “1994 йилни Мирзо Улуғбек йили деб эълон этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муҳаммад Рахимхон – Феруз таваллудининг 150 йиллигини ўтказиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

2011 йил (бундан 14 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Адлия органларида махсус «Ишонч телефони» ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган бешта муҳим ташаббус илгари сурилди.

2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Хоразм вилояти, Шовот тумани, Комилжон Отаниёзов кўчаси, 65-уй манзилида жойлашган айрим фанлар чуқур ўрганиладиган 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати негизида Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернати ташкил этилди.

2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎЗА