Мамлакатимизда оммавий спортнинг кенг ривожланишида ҳудудларда фаолият юритаётган соҳа фидойилари, ўқитувчи-мураббийлар, спорт тарғиботчиларининг алоҳида ҳиссаси бор.
Хоразм вилоятида ҳам умрини аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботига, жисмоний тарбия ва спорт бўйича малакали мутахассислар, маҳоратли спортчиларни тайёрлашга бағишлаган юзлаб инсонлар бор. Улар орасида тажрибали спорт журналисти Икром Худойберганов ва маҳоратли жисмоний тарбия устози, ҳозир Урганч давлат университети жисмоний маданият факультетида ёшларга сабоқ бериб келаётган Рўзмат Бобожонов фаолияти кенг жамоатчилик, эндигина спорт соҳасига кириб келган мутахассисларга ўрнак, десак муболаға бўлмайди.

Икром Худойберганов салкам 40 йиллик спорт журналистикасидаги фаолияти мобайнида мамлакатимиз спортчиларининг халқаро майдондаги ғалабалари, юртимизда спорт тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиликларни жамоатчиликка етказиб келаётган фидойилардан бири саналади.

Бугун 70 ёшни қарши олган урганчлик Рўзмат Бобожонов эсини таниганидан бери жисмоний тарбия ва спорт билан ошно тутинган. Аввал спортчи, кейин жисмоний маданият факультети ўқитувчиси бўлиб минглаб ёшларга сабоқ бермоқда. Бугун Хоразмнинг кўплаб мактабларида, спорт тўгаракларида Рўзмат Бобожонов шогирдлари ёшларга спорт сирларини ўргатмоқда.

Куни кеча Хоразм вилояти спорт бошқармасида Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг ўринбосари Ш. Маҳмудов, вилоят спорт бошқарма бошлиғи Н. Жуманиёзова иштирокида ўтган тадбирда Рўзмат Бобожоновга «Ўзбекистон спорт фахрийси», мамлакат гандбол федерацияси матбуот котиби сифатида меҳнат қилиб келаётган Икром Худойбергановга «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишонлари топширилди.
Т. Рўзиев,
ЎзА мухбири