Хоразмда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, унинг ҳузурида ташкил этилган "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан ўтган тўрт ой мобайнида ногиронлиги ҳамда сурункали касалликлари бор, аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 8 минг 538 нафар аҳоли вакиллари соғлиғини тиклаш, соғлом ҳаёт давомийлигини узайтириш мақсадида 3 миллиард 383 миллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.
Ажратилган ва йўналтирилган ана шу пул маблағи ҳисобига кимдир таянч ҳаракат, яна кимдир ҳазм қилиш тизими ва бошқа аъзолари билан боғлиқ касалликлардан фориғ бўлиб, ўз оилалари бағрига қайтди. Шовот туманининг “Янги-бўрлоқ” маҳалласида истиқомат қилаётган Ҳасан Отажонов ҳам бу имкониятдан унумли фойдаланди. Жигар тизимидаги муаммо етарлича пул маблағи бўлмаганлиги сабаб, кўп йиллардан буён уни қийнаб келаётган эди.
“Саховат ва кўмак” жамғармасидан унинг жигар тизими билан боғлиқ касалликдан фориғ этиш ва юқори технологик жарроҳлик амалиёти учун ажратилган 50 миллион сўм муаммонинг оқилона ечими бўлди. Муҳими, ушбу амалиётни хоразмлик тиббиёт ходимлари, ўз касбининг моҳир усталари муваффақиятли амалга оширди. – Бунинг учун, аввало Давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдираман, – дейди Ҳасан Отажонов. –Сурункали жигар касаллигидан қутилиб, оилам бағрига қайтдим. Бу мен учун, қолаверса, оила аъзоларим учун кутилмаган туҳфа бўлди. Асосийси, хоразмлик Ҳасан Отажонов сингари, хасталиги ва ногиронлиги сабаб уйда ётиб қолган беморларга Президент ташаббуси билан "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил этилган "Саховат ва кўмак"дан ёрдам кўрсатилди. Улар ҳолидан хабар олиниб, фонд ҳисобидан қўшимча ёрдам ҳам кўрсатилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА,