Урганч шаҳридаги "Ёшлик" спорт мажмуасида 10 кун мобайнида бўлиб ўтган шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати биринчи лига мусобақаси якунига етди.
Мамлакат чемпионатида республикамизнинг турли ҳудудларидан йиғилган 200 нафар шахматчи маҳорат майдонида ўзаро курашди.
Чемпионат ўйинлари швейцар тизимида стандарт йўналишида 9 тур доирасида ўтказилади. Унда ҳар бир иштирокчига 90 дақиқа ва биринчи юришда 30 сониядан вақт қўшиб берилди. Ҳар бир ўйин қизиқарли ва муросасиз ўтди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Тошкент шаҳри шахматчиси Муҳаммадраҳим Абдуллаев 7,5 очко тўплаган ҳолда биринчи лига мусобақасида Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлди.
Мамлакатимиз пойтахтининг яна бир вакили Муҳаммадсолиҳ Раҳматуллаев ҳамда жиззахлик шахматчи Азизбек Қувватовлар эса 7 очкодан жамғариб, иккинчи ва учинчи ўринларни банд этишди.
– Мен шахмат билан шуғулланишни беш ёшимда бошлаганман, – дейди Ўзбекистон чемпиони Муҳаммадраҳим Абдуллаев. – Биринчи устозим отам бўлади. Шу кунга қадар беш маротаба Тошкент шаҳри чемпиони бўлганман. Мана энди мамлакат чемпиони бўлдим. Орзуйим – жаҳон чемпиони бўлиш.
[gallery-22748]
Аёллар ўртасидаги баҳсларда Тошкент вилояти шахматчиси Райҳон Дониёрова 7,5 очко билан Ўзбекистон чемпионатининг ғолибаси бўлди. Етти очко йиққан Самарқанд вилояти вакиласи Озода Шаҳодова турнир жадвалида иккинчи ўринни банд қилган бўлса, 6,5 очко билан Қорақалпоғистон Республикаси шахматчиси Райҳона Шомуродова Ўзбекистон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди.
– Спортнинг шахмат тури билан шуғулланаётганимга 24 йил бўлди, – дейди Ўзбекистон чемпиони Райҳон Дониёрова. – Ўзбекситон шахмат академиясида мураббий сифатида меҳнат фаолиятимни олиб бормоқдаман. Бундай мусобақаларда жуда кўп маротаба қатнашганман. Бироқ ҳар доим энг юқори натижа иккинчи, учинчи ўринлар бўлар эди. Шу сафар илк бора биринчи ўринни қўлга киритдим. Бундан жуда хурсандман. Мусобақа жуда юқори савияда ташкил этилган. Ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Чемпионат иштирокчиларини тақдирлашга бағишланган тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда спортни, хусусан, шахматни ривожлантириш, оммавийлигини ошириш, айниқса, ёш, иқтидорли шахматчиларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишлари учун кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлашди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилий қўмитанинг медал, диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Эркаклар ўртасидаги баҳсларда 1-6 ўринларга сазовор бўлган, аёлар ўртасида эса 1-4 ўринларни қўлга киритган шахматчилар Ўзбекистон чемпионатининг олий лигасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари