Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида воҳанинг жасоратли ва меҳнаткаш аёли, таниқли давлат ва жамоат арбоби Шакаржон Хўжаниёзованинг 70 йиллик юбилейини кенг нишонлашни таклиф қилган эди.
Шу муносабат билан вилоятда хотира тадбирлари ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб чинакам ўзбек аёли тимсоли бўлган, фидойи ва матонатли раҳбар Шакаржон опа Хўжаниёзова қабрини зиёрат қилиб, “Шакаржон Хўжаниёзова уй - музейи” билан танишдилар.
[gallery-23883]
Урганч шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида ўтган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов қатнашиб, Шакаржон опанинг юрт тараққиёти, жамият фаровонлиги йўлида олиб борган фидойи хизматлари ҳақида тўхталди.
--Президентимизнинг ниҳоятда ўринли ташаббусидан куч ва рағбат олган воҳа аҳли бу эзгу ишга жон дили билан киришиб кетди,--дейди Хоразм вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов. – Суюкли устозимиз, меҳрибон опамиз, ўзбегимнинг чинакам аёли Шакаржон Юсуповна хотираларимизда мангу яшайди. Жойларда матонатли юртдошимиз таваллудининг 70 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-адабий анжуманлар, хотира кечалари ўтказилиб, унинг ҳаёти ва Ватан олдидаги қилган фидойи хизматлари хотирланмоқда. Уларнинг хотирасини абадийлаштириш учун яна бир қанча лойиҳаларни режалаштирганмиз.
Тадбирда Шакаржон Хўжаниёзованинг серқирра фаолияти акс эттирилган саҳна кўринишлари, расмлар кўргазмаси ва миллий мусиқа ва қўшиклардан иборат мусиқий дастур намойиш этилди.
Фаол иштирокчилар турли номинациялар бўйича вилоят ҳокимининг ташаккурномаси билан тақдирландилар.
--Айни кунда Боғот тумани асосий кўчаларидан бирига ва туман спорт мактабига қарашли гимнастика марказига “Шакаржон Хўжаниёзова” номини бериш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди, – дейди Хоразм вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигора Қутлимуродова. – Инсонларга фақат яхшилик қилишни ўзига шиор қилган Шакаржон опа Хўжаниёзова яшаб ўтган уйда “Шакаржон Хўжаниёзова уй - музейи”га асос солинди. Президентимиз кўрсатмасига асосан, вилоятдаги фаол хотин-қизлар ўртасида “Шакаржон Хўжаниёзова номидаги раҳбар аёллар танлови”ни ўтказиш, ғолибларни давлат идоралари учун раҳбар кадрлар захирасига тавсия этиш механизми ишлаб чиқилди ва мазкур танловни юқори савияда ташкил этиш бўйича жараёнлар давом этмоқда.
Дарҳақиқат, Шакаржон Юсуповна узоқ йиллар давомида кўплаб раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Айниқса, мустақиллигининг дастлабки мураккаб ва машаққатли йилларида Боғот тумани ҳокими лавозимига тайинланган Шакаржон Юсуповна ўзининг бор билим ва маҳоратини сафарбар этиб, туманни тараққиётнинг ойдин йўлига олиб чиққан.
2000 йилдан умрининг охиригача вилоят ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаган даврида вилоятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ва маданий юксалишида ўзининг чинакам раҳбарлик салоҳиятини намоён этиб, нафақат вилоятда , балки бутун мамлакатда катта обрў ва ҳурмат қозонди.
Шакаржон опа Хўжаниёзованинг юрт тараққиёти, жамият фаровонлиги йўлида олиб борган фидойи хизматлари “Меҳнат шуҳрати”,“Фидокорона хизматлари учун” орденлари, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони билан тақдирлангани Ватаннинг ўз фидойи қизига кўрсатган меҳру ардоғининг ёрқин намунасидир.
Бир сўз билан айтганда, Шакаржон Хўжаниёзова “олийжаноб инсон, ўз ишининг билимдони, моҳир ташкилотчи, иқтидорли раҳбар, ўткир нотиқ, одамларнинг ғамхўри ва меҳрибон она” сифатида Хоразмнинг, бутун Ўзбекистоннинг ардоқли қизидир.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари