Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда ўтган йили 7 минг оила уйли бўлди
16:55 / 2026-01-22

Сўнгги 8-9 йил ичида юртимизда қурилиш ишлари ҳажми сезиларли даражада ортди. Айниқса, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида сифатли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топшириш тизимли йўлга қўйилди.

Биргина Хоразм вилоятида 2016-2024 йилларда жами  660 та кўп қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилди.  

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан фақат 2025 йилнинг ўзида 7 минг хонадондан иборат 200 та уй-жой қурилиши белгиланиб, кўзланган натижага эришилди.  

Ўтган 2025 йил Хоразм вилояти учун инфратузилма ва қурилиш соҳасида катта ўсиш ҳамда янги лойиҳалар бошланган йил бўлди. Маҳаллий ва халқаро маблағлар ҳисобидан амалга оширилган ишлар аҳоли ҳаётини яхшилаш, транспорт, ижтимоий объектлар ва саноат инфратузилмасини мустаҳкамлашга қаратилди.

Вилоятдаги 6 та туманда «Янги Ўзбекистон»  массивлари ва Урганч шаҳрида «Ал-Хоразмий» шаҳарчаси қурилиши жадал суръатларда олиб борилиб, биргина аҳолини уй-жой билан таъминлашда Президент ташаббуси минглаб оилаларнинг уйли бўлишига хизмат қилди.  

– Хоразм вилояти бўйича ўтган 2025 йилда 2,5 мингдан ортиқ қурилиш объектларида ишлар олиб борилди, –дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги Урганч туман бўлими бошлиғи Раҳматжон Матмуродов. – Хусусан, қурилиш соҳасида берилган кенг имкониятлар натижасида вилоятда “Б” ва “С” тоифадаги рейтингга эга 100 дан ортиқ корхоналар пайдо бўлди. 2025 йилда Президент ташаббуси билан жами 7 мингта хонадонли 200 та уй-жойлар қуриш режалаштирилиб, шундан  «Янги Ўзбекистон» массивларида 2 минг 600 та хонадонли 80 та, ипотека асосида 4 минг 400 та хонадонли 120 та уй-жойлар фойдаланишга топширилди.  Қурилиш ишлари белгиланган талаблар асосида, сифат ва хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилган ҳолда олиб борилиб, биноларда сифатли қурилиш материаллари, базальт иссиқлик изоляцияси қўлланилган. Шунингдек, энергия тежамкорликка алоҳида эътибор берилиб, уйларга қуёш панеллари ва қуёш коллекторлари ўрнатилган.

Биргина “Ал-Хоразмий” шаҳарчасининг ўзида 2025 йил якунлари бўйича фойдаланишга топширилган уйларнинг сони 92 тага етди. Бу билан ҳозир шаҳарчада 3,5 мингдан ортиқ оилалар истиқомат қилмоқда.  

Мисол учун, Йўлдош ота Жуманиёзов салкам 90 ёшда. Умрининг асосий қисми қишлоқда ўтган. Оддий пахсадеворли уйда яшаган. Бугун фарзандлари ардоғида бўлган отахон Хоразмнинг энг гўзал манзили “Ал-Хоразмий” шарчасида дилбандлари совға қилган уйда истиқомат қиляпти.  

– Президентимизга раҳмат! – дейди меҳнат фахрийси Йўлдош Жуманиёзов. – Ўзбекистон халқи учун жон куйдириб, халқ учун эзгу ташаббусларни илгари сурмоқдалар. Биз хоразмликлар учун  чиройли уйлар қуриб бердилар. Абу Абдулла Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий бобомиз номидаги шаҳарчада аждодимизга ўҳшаган буюк авлодлар  етишиб чиқса, не ажаб. Чунки, бу ерда фарзандларимизнинг туғилганидан то вояга етгунича узлуксиз таълим- тарбия олиши учун барча зарур шароит муҳайё. Яшаш учун энг зарур ресурслар, газ, электр энергияси, телефон, интернет тармоғи, иссиқ ва совуқ сув, марказий канализация –ҳаммаси мавжуд. Атрофимиз яшил боғ бўлиб, турли дарахтлар экилди. Ҳаммаси халқ учун, фарзанларимизнинг порлоқ келажаги учун қилинмоқда.  

[gallery-27252]

Таъкидлаш керакки,  Хоразмда 2025 йилда даромади юқори бўлмаган 962 та эҳтиёжманд оилага 260 миллиард сўмдан ортиқ субсидия маблағлари тўлаб берилди. Шунингдек, бирламчи ва иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун 3 минг 800 тадан ортиқ фуқароларга 946 миллиард сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.  

Умуман олганда, воҳадаги қурилишлар,  инфратузилмани модернизация қилиш маҳаллаларда ички хизматларини яхшилаш ва аҳолининг  яшаш муҳитини қулайлаштиришга йўналтирилган.  

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари