Урганч шаҳрида Хоразмда халқаро инглиз тили олимпиадасига саралашнинг ҳудудий босқичига старт берилди.
Унда иштирок этадиган 1-4 синф ўқувчилари junior ҳамда 5-11 синф ўқувчиларидан иборат жамоалар senior тоифаларида ўз имкониятларини инглиз тилида намойиш этмоқда.
– Мазкур халқаро олимпиаданинг бу йилги қуйи босқичлари феврал ойида якунланиб, унда ғолиб бўлган жамоалар мамлакат босқичида сараланади ва шу орқали мамлакат терма жамоаси шакллантирилади, – дейди Фан олимпиадалари маркази мутахассиси Жавоҳир Дилмуродов. – Улар апрел ойида Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Халқаро инглиз тили олимпиадаси(ELO-2026)да республикамиз шарафини ҳимоя қилади. Ўтган йилнинг 8-12 май кунлари Иорданияда 30 га яқин мамлакатдан 1500 та ўқувчи (130 жамоа) иштирокида ташкил этилган нуфузли Халқаро Инглиз тили олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси илк иштирокидаёқ юқори натижаларга эришиб, энг кучли ТОП-3 жамоалар қаторидан жой олди ва халқаро миқёсда ўз салоҳиятини намоён этолди.
[gallery-27822]
Уч кун давом этадиган танлов вилоят босқичининг биринчи ва иккинчи кунларида барча ёш тоифасидаги иштирокчилари лойиҳа тақдимоти ва саҳна кўринишини намойиш этишади. Учинчи куни эса senior тоифасидагилар тест синовини топширади.
– Саралашнинг барча босқичларида junior ва senior ёш тоифасидаги жамоалар учун халқаро олимпиада стандартлари асосида топшириқлар тақдим этилади, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Озода Юсупова. – Бунда, саралаш мавзуси сифатида жорий йилги Халқаро инглиз тили олимпиадаси учун белгиланган “Сунъий интеллект” мавзуси танлаб олинган. Ҳар бир жамоага лойиҳа тақдимоти ва ҳимояси учун 7 дақиқа вақт ажратилади. Саралашнинг ҳудудий вилоят босқичида senior ёш тоифасидаги жамоалар битта турда 30 та саволдан иборат тест топшириғини бажариш орқали баҳоланади.
Танлов давомида иштирокчиларнинг нафақат инглиз тилидаги назарий билимларини, балки жамоавий ишлаш, етакчилик, инновацион лойиҳалар яратиш ва нотиқлик маҳорати баҳоланмоқда.
Саралаш якунида халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган энг муносиб номзодлар аниқланади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари