Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда насли яхшиланган қорамоллар улуши 72 фоизга етказилди
11:21 / 2024-02-29

Бугунги кунда Хоразм вилоятида жами 1 минг 800 дан ортиқ чорвачилик билан шуғулланаётган субъектлар мавжуд.

Ҳар бир соҳага эътибор юқори бўлса, зарур даражада маблағ йўналтирилса яхши натижа беради. Ўтган йил вилоятда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 539 миллиард сўмлик 115 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада озиқ-овқат йўналишида сезиларли ўзгаришлар бўлди. Бир минг икки юз нафардан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўрни яратилди.  

Шунингдек, “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида 21 та гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ҳамда қайта ишловчи корхоналар томонидан аҳоли хонадонларига 235 бош чорва моллари кооперация усулида етказиб берилди.  

Чорвачиликда наслчиликка эътибор қаратмай кутилган самарага эришиб бўлмайди. Вилоятда наслчилик ишларини ривожлантириш мақсадида аҳоли хонадонлари ва фермер хўжаликларида парваришланаётган 177 минг бош сигир сунъий уруғлантирилди. Наслчилик хўжаликлари сони 87 тага етказилиб, йилига ўртача 1-1,5 минг бош наслли қорамол фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига етказиб берилди. Натижада умумий подада насли яхшиланган қорамоллар улуши 72 фоизга етказилди.  

Вилоятда сут ва сут-гўшт йўналишида илгари бор-йўғи қора-ола голштин, қизил ола голштин, симментал зотлари парваришланган. Бугунги кунда сут йўналишида қизил эстон, монбильярд, швиц, гўшт йўналишидаги тез етилувчан қорамолларнинг абердин-ангус, шароле, герефорд, лимузин, каби зотлари кўпайтирилмоқда. Қўйларнинг ҳисори, романов, эдилбой ҳамда эчкиларнинг ангор, занен зотлари чет давлатлардан келтирилиб парваришланмоқда.  

Вилоятда сигирларнинг ўртача сут маҳсулдорлиги, сўйиладиган  қорамолларнинг ўртача тирик вазни ортишига эришилди.  

Чорвачилик субъектларига озуқабоп экинлар экиш учун 45,1 минг гектар ер ажратилган. Ўртача бир гектар озуқа майдонидан илгари 7-8 тонна ҳосил олинган бўлса, ҳозирда 10 тонна ҳосил олинмоқда.  

Шунингдек, 19 та чорвачилик субъектида замонавий интенсив “Гидропоника” технологияси асосида озуқа ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.  

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА