Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги олдидан "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бўлими томонидан вилоятдаги 40 дан зиёд маҳалла фуқаролар йиғинларига замонавий мебель жиҳозлари ва компьютер жамланмалари топширилди.
Мебель ва компьютер жамланмаси учун фонднинг 261 миллион 200 минг сўмлик маблағи йўналтирилди.
– Маҳалла институтига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бошқаруви раиси Алтибой Раджабов. –Маҳаллаларимиз нафақат одамларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этадиган, балки ҳар бир маҳалланинг иқтисодий ўсиш нуқталарини аниқлаб берадиган, оилаларда тинчлик, тотувликни таъминлайдиган масканга айланмоқда. Бу эса маҳаллалар зиммасидаги масъулиятни икки карра оширади. Шунинг учун маҳалла раиси билимли, ташаббускор, ислоҳотчи бўлиши лозим. Шу мақсадда 40 дан ортиқ маҳаллага фонд маблағи ҳисобидан харид қилинган мебель ва компьютер жамланмалари етказилди.
Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларга моддий, маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент вилоятидаги "Навбаҳор" сиҳатгоҳида даволаниб, соғлигини тиклаб қайтиши учун 20 кишига йўлланма берилди. Ногиронлиги бор фуқароларга аравачалар топширилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш ишлари давом этмоқда.
Б.Мелиқулова, ЎзА