Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилди
17:55 / 2025-07-08

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан 2025 йил 1 мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич республиканинг 7 та ҳудудида 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати ташкил этилиши белгиланган.

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри ва Урганч ҳамда Янгиариқ туманларида кундузги парвариш хизмати ташкил этилди. Мазкур хизмат ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ва тадбиркорлар ўртасида битим имзоланиб, давлат-хусусий шериклик асосида йўлга қўйилди.

– Буни нафақат ногиронлиги бор бўлган болаларнинг ижтимоийлашувига ёрдам балки ота-оналар учун ишлаш ва фаол ҳаётга қайтиш имкони дейиш мумкин, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Шерзод Бердиев. – Инсон ижтимоий хизматлар марказлари томонидан вилоятдаги 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болалар орасида ташхиси кундузги парвариш хизматига мос келадиган 882 нафар болалар рўйхатга олинди. Эндиликда ушбу болаларнинг бир қисми кундузги парвариш хизматидан фойдаланмоқда. Йил якунига қадар барча туман ва шаҳарларда давлат-хусусий шериклик асосида шундай марказлар ташкил этилиши режалаштирилган. 

[gallery-24219]

Айни дамда марказларда болажонлар тенгдошлари билан мулоқотга киришиб, қўшимчасига уларга психологик ва ижтимоий кўмак кўрсатилмоқда. Тарбиячилар томонидан турли хил ривожлантирувчи машғулотларнинг ташкил этилаётгани эса уларда янги ҳаётий кўникмалар шаклланишида ёрдам бермоқда. 

Энг асосийси энди доимий равишда фарзандининг ёнида бўлган оналар уй рўзғор ишларига ҳамда ўзи учун ҳам вақт ажрата олади. Касб ўрганишга, ҳунар эгаллашга имкони бўлади. Ишлаб жамиятга қўшилиб, оиласига даромад олиб келиши мумкин.

– Ижтимоий ходим уйимизга келиб, “Фарзандларингизни парваришлаш хизмати ташкил қилинмоқда. У ерда реабилитация хизматлари билан қамраб олинади. Сиз ҳам ушбу хизматдан фойдаланиб болангизни тарбиялашга топширишингиз мумкин.” - деганида бошида иккиланган эдик, – дейди Зиёда Қурёзова. – Кейин билсак, бу ердаги шароитлар жуда яхши экан. Фарзандимга биздан ҳам яхши парвариш хизмати кўрсатилар экан. Энди бемалол уй ишларимиз билан шуғулланиб, қўшимча даромад учун касаначилик билан ҳам шуғулланяпман. Уйимиздан ўзлари олиб кетиб, ўзлари олиб келяпти. Кундузги парвариш хизматини ташкил қилиш ташаббуси жуда яхши иш бўлди. Фарзандларимизга қаратилган эътибордан мамнунмиз. 

Эътиборлиси хизматни ташкил қилган тадбиркорларнинг овқатлантириш, соғломлаштириш учун сарфлайдиган харажатлари ҳар бир мижоз сонидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда давлат томонидан қоплаб берилмоқда.

Мазкур хизмат фаолияти кенгайса оилаларнинг бандлиги ҳамда меҳнат қилиши учун имконият ва шароитлари ҳам яратилади. Болажонларнинг эса ижтимоийлашувига эришилади.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари