Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан барча ҳудудларда бўлгани каби Хоразм вилоятида ҳам турли тадбирлар ташкил этилди.
Урганч шаҳридаги Хоразм вилоят драма театрида “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” бош ғояси асосида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллигига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов янги таҳрирдаги Конституциямиз асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларига қаратилганини таъкидлаб, барчани айём билан қутлади.
Тантанали тадбирда байрам муносабати билан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, мулкий ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, аҳолига доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, жамоат хавфсизлиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ҳуқуқ - тартибот ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш борасида кўп йиллик самарали меҳнати ва фидоийлиги учун бир гуруҳ элдошларимиз вилоят ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилди.
[gallery-14970]
Таъкидланганидек, Конституциямизда давлатимиз ва жамиятимиз ривожининг асосий мезон ва демократик тамойиллари белгилаб берилган. Давр талаби билан унга киритилган ўзгартиришлар ҳам шубҳасиз, юртимиз равнақи ва фуқароларимиз манфаатларига хизмат қилади.
Тадбирнинг бадиий қисмида эл суйган санъаткорлар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, Ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар, миллий ва замонавий рақслар намойиш этилди.
***
Урганч шаҳридаги Амир Темур истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Конституция кўчаси” ташкил этилди.
Кўчада созанда ва санъаткорларнинг куй-қўшиқлари янгради. Ташкил этилган “Адлия ҳуқуқий марши”да ҳар бир давлат органлари, идора ташкилотлар, олий таълим муассасаларининг ўз бурчаклари ташкил этилди ҳамда фуқароларга ҳуқуқлари бевосита соҳа эгалари томонидан тушунтирилди.
Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини, янги таҳрирдаги Конституция асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилганини аҳоли, айниқса, ёшларга тушунтиришдан иборат. Мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик, болалик ва оталикни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти кенг тарғиб қилинди.
Тадбирди мингдан ортиқ аҳоли вакиллари ва ёшлар иштирок этди. Улар ўзини қизиқтирган саволларга шу ердаги соҳа мутахассисларидан батафсил жавоб олди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/rToctwBXX0M" title="Xorazmda Konstitutsiya kuni keng nishonlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(видео), ЎзА мухбирлари