Урганч олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази базасида енгил атлетика бўйича Хоразм вилоят чемпионати ўтказилди.
Унда 12 ҳамда 18 ёшгача бўлган спортчилар куч синашди.

–Мусобақада жами 320 нафар атлет иштирок этиб, уларнинг 120 нафари қизлардан иборат бўлди.
Ўн икки ёш тоифасидаги спортчилар мусобақасининг мақсади иқтидорли ўсмирларни саралаб, Урганч олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қабул қилишдир, – дейди мураббий Муҳаммад Қурбонов. – Ўн саккиз ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги баҳслар эса енгил атлетикачиларнинг имкониятларини яна бир бор синовдан ўтказишга ҳамда вилоят терма жамоасини шакллантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, жорий йилнинг 10-12 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган республика чемпионатида ҳам хоразмлик атлетлар кучли таркиб билан муносиб иштирок этишини таъминлайди.

Мусобака иштирокчилари қисқа ва ўрта масофаларга югуриш, эстафетали югуриш, ғовлар оша югуриш, найза, диск, тўп улоқтириш, ядрони итқитиш каби шартларда ўз имкониятини синаб кўрдилар.
Мутахассислар фикрига кўра, мусобақалар юқори даражада ўтди ва янги иқтидорларнинг номлари аниқ бўлди. Баъзи рекордлар ҳам янгиланди.

Ўн икки ёш тифасидаги ўсмирлар ўртасида Фарангиз Иноятова ва Искандар Искандаровлар 100 ҳамда 600 метрлик масофага югуриш бўйича вилоят рекордини янгилашди.
Ўн саккиз ёш тоифасидаги атлетлар орасида Ўрта Осиё чемпионати совриндори Руслан Садуллаев найзани 71 метрга улоқтирди ва шахсий рекордини янгилади. 110 метрга ғовлар оша югуришда эса Рустамбек Рустамов Хоразмдаги рекордни янгилади.
Умумжамоа ҳисобида Урганч олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, Хонқа, Ҳазорасп ва Шовот туманлари спорт мактабларининг вакиллари турли йуналишларда юқори натижаларни кўрсатишди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат, видео),
ЎзА мухбирлари