Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда илк бор инсон жигари трансплантация қилинди
18:10 / 2025-12-30

Инсон ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган ҳар бир ҳаракат тарихдир. Айрим воқеалар эса нафақат бир инсон тақдирини, балки бутун бир ҳудуд тиббиётининг тақдирини белгилаб беради.

Хоразм вилоятида ана шундай воқеа содир бўлди. Илк бор жигар трансплантацияси амалиёти  муваффақиятли бажарилди.  

Бу ўз навбатида мамлакатимизда амалга оширилаётган  инсонпарварлик сиёсатининг  ва замонавий тиббиёт тараққиётининг ёрқин самарасидир.

Қўшкўпир туманида яшовчи 54 ёшли Раъно Матёқубова бир неча йиллар давомида жигар циррози касаллиги билан курашиб келарди.  

Касаллик терминал босқичга ўтган, ягона нажот сифатида жигар трансплантацияси тавсия этилган эди.

Оила аъзолари Р. Матёқубовани Ҳиндистонга олиб боришга қарор қилди. Аммо Ҳиндистонда ўтказиладиган амалиёт харажатларини унча-мунчанинг чўнтаги кўтармайди.  

Оила аъзолари  имконият излашдан тўхтамади. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбарлари ҳузурига келиб, маслаҳат сўрашди. Марказ мутасаддиларининг: “Биз яқин вақт ичида жигар трансплантациясини йўлга қўямиз. Агар хоҳласангиз, шу ернинг ўзида амалиёт ўтказишимиз мумкин,”- дейишди.  

Чунки, ушбу марказда анчадан буён жигар трансплантацияси учун тайёргарлик ишлари  олиб борилаётган ва мутахассислар ҳам малакаларини оширишган. Тиббиёт муассасасида эса замонавий ускуналар жамланган.

Республика миллий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда ушбу амалиётга пухта тайёргарлик кўрилиб, кенг қамровли тиббий текширувлар натижасида беморнинг 1991 йилда туғилган ўғли Жалолбек Хўжаев донор сифатида барча тиббий кўрсаткичларга мос келиши тасдиқланди.  

Ўта мураккаб жарроҳлик Республика миллий тиббиёт маркази директори ўринбосари Жасур Собиров раҳбарлигида амалга оширилди.

—Хоразм вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг тажрибали жарроҳлари билан биргаликда 8 соат давом этган ўта мураккаб жигар трансплантацияси амалиёти муваффақиятли якунланди, —дейди Жасур Собиров.  —Ҳозир донорнинг ҳам, беморнинг ҳам саломатлиги стабил бўлиб, доимий назоратимизда. Шуни  алоҳида таъкидлаш керакки, илк жигар трансплантацияси амалиётининг харажатлари давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди.  

Айни пайтда Хоразм вилоятида 500 дан зиёд  бемор жигар циррози ташхиси билан рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 100 нафардан зиёди декомпенсация босқичида.  

Хулоса қилиб айтганда, жигар трансплантацияси вилоятнинг ўзида мунтазам йўлга қўйилиши ушбу беморлар учун ҳаётга қайтиш имконияти, умид ва ишонч демакдир.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири