French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда ҳарбий техникаларни юклаш ва тушириш жойлари фойдаланишга топширилди
18:32 / 2022-11-08

Қўшинларни бир жойдан иккинчи жойга кўчиришни ташкил этиш уларнинг тезкорлиги ва юксак жанговар шайлигини таъминлаб, олис масофаларни яқин қилишга хизмат қилади. Қўшинларни кўчириш ҳаво йўли, темир йўл орқали ҳамда жанговар ва ҳарбий техникаларда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг талабномасига асосан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Хоразм вилоятида кечаси ва кундузи ҳарбий техникаларни темир йўл платформаларига юклаш-тушириш учун мўлжалланган иккита объект бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди.

Шовот станциясида баландлиги 1,1 метр, эни 16 метр ва узунлиги 100 метр бўлган мустаҳкам темир-бетон қопламали ҳарбий техникаларни юклаш-тушириш жойи ҳамда техникалар учун вақтинча тураргоҳ қурилди. Урганч станциясида узунлиги 126 метр ва эни 15 метрни ташкил этадиган махсус жой яратилди ҳамда тунда ёритиш мосламалари билан жиҳозланди.

Объектларни тантанали фойдаланишга топшириш маросимида Мудофаа вазирлиги ҳамда ҳарбий округ масъул офицерлари, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди.

[gallery-9481]

Қўшинлар жанговар шайлигини мустаҳкамлаш ҳамда бўлинмалар ва техникаларни бир жойдан иккинчи жойга олиб ўтишни ташкил этишда узилишларнинг олдини олиш мақсадида бунёд этилган объектлар зарур бўлганда Ватанимиз тинчлиги йўлида қалқон бўлиб турган ҳарбий бўлинмаларни бир жойдан иккинчи жойга кўчиришда қўшимча имкониятлар яратиши билан аҳамиятли экани таъкидланди.

Тадбир давомида Урганч гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан зирҳли ва автомобиль техникаларни платформаларга юклаш-тушириш, уларнинг силжиб кетишини олдини олиш мақсадида белгиланган тартибда маҳкамлаш, техникаларни ташишда ниқоблаш ишларини ташкил этиш бўйича кўргазмали машғулот намойиш этилди.

Тантанали тадбирда Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳаракатлар бошқармаси мутахассислари ҳамкорлигида яратилган ва ҳарбий техникаларни ташиш вақтида қўриқлаш учун ажратиладиган кўчма қоровулга мўлжалланган янги турдаги ёпиқ вагон Шимоли-ғарбий ҳарбий округ тасарруфига берилди. Ушбу вагон ҳарбий техника ва юкларни қўриқлаб борадиган ҳарбий хизматчилардан иборат кўчма қоровул шахсий таркиби учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида замон талабларига мос равишда жиҳозланди. Ташқи олд ва орқа томонига видеокузатув мосламалари ўрнатилди.

Тадбир давомида мазкур объектларни қуришда иштирок этган темир йўл ходимлари ҳамда қурувчилар ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан муносиб тақдирланди.

Подполковник Тимур НАРЗИЕВ,

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи.

ЎзА