Хоразм вилоятида 497 минг 964 нафар 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш билан ишлашнинг янгича тизими асосида сектор раҳбарлари маҳалларда бўлиб, улар билан яқиндан суҳбатлашмоқда. Муаммоларни ўрганиб, ечимини топишда амалий кўмак беришмоқда.
Мисол учун, Хонқа туманидаги Ғайрат маҳалласида 935 нафар 30 ёшгача бўлган ўғил- қиз истиқомат қилади. Ҳар куни спортнинг шашка, шахмат, тош кўтариш, стол тенниси, мактаб ҳовлисидаги сунъий қопламали майдонда мини футбол, спорт залида волейбол, фаоллар залида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилмоқда.
Маҳаллада спорт билан бир қаторда санъатга қизиқувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Улар миллий чолғуларда куй-қўшиқларни маромига етказиб ижро этишади. Кун ботганда гулхан атрофидаги ана шундай тадбирлар ҳар қандай кишига ёшликнинг “гуллаган даври”ни ҳис қилдириб, самимий, гўзал туйғуларга ошно этади. Қувонарлиси, олис қишлоқдаги ёшлар даврасига маҳалланинг кексалари ҳам бирдай қўшилади.
Ана шундай қизғин давом этаётган тадбирларнинг бирига вилоят ҳокими, вилоят биринчи сектор раҳбари Жўрабек Раҳимов ташриф буюриб, иштирокчилар билан самимий мулоқот қилди. Ўтказилаётган турли мусобақаларни кузатди. Бу эса маҳалла ёшларига янада кўтаринки кайфият бахш этди. Ёшлар ҳам ўз иқтидорларини намойиш қилди. Ўзлари ёзган шеърий асарлардан ўқиб беришди. Куй-қўшиқлар янгради. Ҳамма рақсга тушди. Хуллас, Ғайрат маҳалласидаги маънавий-маърифий тадбир ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишига хизмат қилди.
***
Иккинчи секторга қарашли Янгибозор туманидаги ёшлар сони 48 мингдан зиёдни ташкил этади. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар дафтари”да турган ишсиз ёшларнинг мингдан ортиғига ер майдонлари ажратиб берилди. Бугунги кунда энг муҳим масалалардан бири уюшмаган ёшларнинг бирдамлигини таъминлаш, уларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, келажакда ўз ўрнини топишида кўмаклашишдир.
Дўстлик маҳалласида ташкил этилган тадбирлар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилди. Тадбир “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам” деб номланган юришдан бошланди. Турли хил спорт мусобақалари, маданий дастурлар, касб-ҳунар тўгаракларининг мунтазам ташкил этилиши туман ёшлари маҳоратларининг юзага чиқишига ёрдам бермоқда. Камондан ўқ отиш машғулотида иштирок этган ёшлар ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Ақлни чархловчи шашка, шахмат мусобақаларида дўстона баҳслар натижасида маҳоратли йиғит-қизлар ғолиб бўлишди. Миллий ҳунармандчилик намуналари замон билан ҳамнафас бугунги авлод вакилларида қизиқиш уйғотмоқда. Ҳунар ўрганиш истагини билдирган ёшларга шу ернинг ўзида дастлабки сабоқлар берилди.
Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан ташкил этилган кўргазмали намойишда йиғилганлар куз-қиш мавсумига тайёргарлик, ис газидан заҳарланиш, ёнғин чиққан вазиятларда ўзини қандай тутиш борасидаги маълумотларга эга бўлди. Бир биридан қизиқарли мусобақаларда муносиб иштирок этганлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Бугунги тадбир ёшлар учун, шахсан мен учун ҳам жуда фойдали ва қизиқарли ўтмоқда, – дейди Уллижон Давлетова. – Мактабда кундузи таълим оламиз. Кечки пайт эса дугоналарим ва синфдошларим билан турли ўйинлар, мусобақа ва танловларда қатнашамиз. Шеърхонлик кечалари ҳам уюштирамиз. Лекин ҳар куни албатта қўшиқ куйлаб, рақсларга тушамиз.
***
Урганч туманида 14-30 ёшгача бўлган ёшлар 52 минг 234 нафарни ташкил этади. Ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими доирасида олиб борилаётган ишлар натижасида 3-сектор ҳудудидаги йигит- қизларнинг ўқиш ва меҳнат фаолиятларини давом эттириши, даволаниши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, қобилиятларини юзага чиқариши учун амалий ёрдам бериш чора-тадбирлари олиб борилмоқда.
Урганч туманидаги Ўрта дўрмон маҳалласида ташкил этилган тадбирлар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан бир қаторда сектор раҳбари билан очиқ мулоқотда таклиф ва ташаббусларини ҳам билдиришига имкон яратилди. Маҳаллада Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракат хавфсизлиги шахсий таркиби ва ҳарбий лицей ўқувчиларининг кўргазмали чиқишлари ёшларда ватанпарварлик руҳини уйғотган бўлса, спорт мусобақалари эса йигит- қизларнинг ўз тенгдошлари билан дўстона куч синашиши, истеъдодларини намоён қилишида очиқ майдон бўлди. Ижодкор ёшлар жонли ижрода қўшиқлар куйлади. Маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилган мусобақаларда ғолиб бўлган фаолларга эсдалик совғалари топширилди. Ёнаётган гулхан атрофидаги суҳбат очиқ ва самимий бўлди. Сектор раҳбари ёшларнинг бандлиги, ўқиши, ижтимоий аҳоли билан яқиндан танишди. Таклифларини эшитди.
***
Қўшкўпир туманидаги 11-сонли умумий ўрта-таълим мактабида ҳам Шиҳмашхад маҳалласи ёшлари жам бўлди. Кимдир мини футбол, кимдир волейбол, кимдир эса шахмат, шашка спортига қизиқади. Хуллас барча ўзи қизиққан йўналишда спорт билан шуғулланади. Одатдагидек машғулотлар пайтида вилоят 4-сектор раҳбари, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи туман ҳокими ва туман сектор раҳбарлари ҳамроҳлигида кириб келгани уларни хурсанд қилди. Мутасадди раҳбарлар йигитларнинг мини футбол мусобақасини томоша қилди. Улар билан эсдалик расмга тушишди. Сўнгра мактаб биносида шахмат ва шашка ўйинларини кузатди. Ёшлар билан беллашиб ҳам кўришди.
[gallery-13829]
Спорт машқлари ва мусобақалари якунлангач, барча мактаб ҳовлисига жам бўлиб катта гулхан ёқилди. Тадбирнинг маданий ва завқли қисми бошланди. Гулхан атрофида йиғилган ёшлар ва раҳбарлар биргалашиб жўр овозда қўшиқлар куйлашди.
–Бир биридан истеъдодли ижодкор ёшларнинг чиқишлари, жонли ижродаги куй-қўшиқлар кун давомида ўқиш ва меҳнатдан кейинги ҳордиқ учун яхши самара берди, – дейди маҳалла ёшлар етакчиси Маъмуржон Набиев. – Маданий дастур йиғилганларга байрамона кайфият улашади. Ўйлаймизки, бугуни тадбирлардан ўзига керакли куч олган ёшлар эртага янада куч-ғайрат билан ўқиш ва ишга отланади.
Дарҳақиқат, ушбу тадбирлар нафақат ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтишига, балки иқтидор эгаларини юзага чиқаришга ҳам хизмат қилмоқда. Гулхан атрофида ёшларни бирлаштирган бу оқшомлар барчада катта таассурот қолдирди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари.