English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда гриппга қарши эмлаш бошланди
17:50 / 2025-11-13

Совуқ мавсум кириб келиши билан грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар тарқалиш хавфи ортади. Шу муносабат билан Хоразм вилоятида гриппга қарши эмлаш ишлари бошланди.

Бугунги кунда вилоятда истиқомат қилаётган икки миллион  нафар аҳолига 189 та давлат ва 501 та хусусий тиббиёт муассасаси орқали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш мақсадида барча тиббиёт муассасаларида бепул ваксинация тадбирлари ўтказилмоқда.  

Мутахассислар таъкидлашича, эмлаш грипп касаллигини юқтириш хавфини 90 фоизгача камайтиради.  

– Куз – сурункали ва мавсумий касалликлар авж оладиган давр, – дейди  эпидемиолог шифокор Ҳилола Ғаффорова. –  Айниқса, бу фасл грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг тарқалиши учун қулай палла ҳисобланади. Натижада ушбу хасталикларга чалиниш йилнинг бошқа даврларига нисбатан бироз ортади. Эмланиш касалликнинг оғир кечишига ва асоратлар пайдо бўлишига йўл қўймайди. Ваксинация ишлари аввало болалар, кексалар, ҳомиладор аёллар ҳамда сурункали касалликка чалинган фуқаролар ўртасида олиб борилмоқда. Доимий равишда фуқароларга ўз соғлиғига бефарқ бўлмасликни, гриппга қарши ваксина олишни кечиктирмаслик тавсия этилмоқда.  

Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, жамоат жойларида ниқоб тақиш, тўғри овқатланиш ва етарли уйқуга эътибор бериш касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.  

– Айниқса, вирусга чалинган одамлар ва уларни парваришлаётган шахслар тиббий ниқобда бўлишлари тавсия этилади,– дейди Урганч шаҳридаги 3-сон оилавий поликлиника бош шифокори Нилуфар Ғойипова.  – Қолаверса, иммунитет мустаҳкамлигини таъминлаш учун мева-сабзавотлар, турли кўкатлар ва қайнатмалар истеъмол қилиш, кўпроқ суюқлик ичиш ҳамда мавсумга мос кийиниш лозим.  Унутмаслик керакки, ЎРВИ  вирусли касаллик бўлиб, ўзбошимчалик билан турли дори-дармонларни шифокор рецептисиз қабул қилиш нафақат самара бермайди, балки бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Мулоқотларда фуқароларга ушбу профилактик чоралар батафсил тушунтирилиб, уларга тегишли тавсиялар берилмоқда.

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари