Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда газ таъминоти тизими рақамлаштирилмоқда
15:37 / 2025-05-01

Газ таъминоти тизимини замонавийлаштириш, истеъмолни назорат қилишнинг автоматлаштирилган механизмларини жорий этиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бугунги кун энергетика соҳасининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан Хоразм вилоятида кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Айни пайтда жамият бошқаруви раиси Маъруфхон Хўжаев ушбу ҳудуддаги автоматлаштирилган маҳалла истеъмол назорат-ҳисоб баланси лойиҳаси доирасида олиб борилган ишлар билан танишди. 

Жамият ахборот хизмати маълумотига кўра, лойиҳа доирасида вилоятнинг 12 та маҳалласида газ таъминоти тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштиришга қаратилган ишлар бажарилди. Жумладан, 50,9 километр газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди. 29,2 километр ер ости газ тармоқларининг техник ҳолати текширилиб, уларнинг 8,9 километри ер устига чиқарилди. Бундан ташқари, 4884 та хонадонда газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтказилди ҳамда 105 та ўрта босимли газ тақсимлаш пунктлари демонтаж қилинди. 

Шунингдек, 8 та маҳалланинг кириш нуқтасига электрон газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатилиб, автоматлаштирилган истеъмол назорати ва ҳисоб баланси амалиётга жорий этилди. 

Сафар чоғида бошқарув раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Урганч шаҳридаги газ тақсимлаш станцияси фаолияти билан ҳам танишди. Шундан сўнг улар фуқаролар билан учрашиб, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш чораларини кўрмоқда. 

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА