Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда экспортнинг улуши ортмоқда
20:11 / 2024-10-23

Бу ҳақда вилоят божхона бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълумот берилди. Жорий йил январь-сентябрь ойлари давомида товарлар ташқи савдоси жами 726,3 миллион  АҚШ долларини ташкил этиб, 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 7,7 фоизга ёки 60,8 миллион АҚШ доллари миқдорида камайган.

Товарлар импорти 10,6 фоизга ёки 70,7 миллион  долларга  камайиб,  594,1 миллион долларни ташкил этди. 

Хоразм вилоятига 2024 йилда дунёнинг 40 та давлатидан таварлар импорт қилинган. Асосий экспортёр давлатлар Жанубий Корея(43 %),   Бразилия(17 %)  ва Россия(14 %) бўлиб қолмоқда. 

Товарлар экспорти вилоятда 132,2 миллион АҚШ долларини ташкил этиб,  ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,1 фоизга ошган.  

Жумладан, товарлар жами 28 та давлатга экспорт қилиниб, асосий қисми Россия (60 %), Туркия (14 %), Хитой (7 %)  ҳиссасига тўғри келади. 

Жорий йилда экспорт фаолияти билан шуғулланган ташқи иқтисодий фаолият  қатнашчиларининг сони 120 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ёки 18 тага камайди.  

Ҳисобот даврида бошқарманинг тегишли бўлимлари томонидан импорт қилинаётган товарларга тақдим қилинган божхона юк декларацияларининг расмийлаштирилишидан олдин ҳамда расмийлаштирилганидан кейин ўрганилиши натижасида 270 та ҳолатда 20  миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан камомадга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Матбуот анжуманида “Божхона назорати ва расмийлаштирувни ташкил этиш”, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими”, “Валюта назорати ва нотариф тартибга солиш”, “Божхона экспертизаси”, “Суриштирув ва маъмурий амалиёт” ва “Контрабандага қарши кураш” йўналишларида олиб борилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди. 

Мисол учун,  тўққиз ойда 490 марта божхона қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 8 миллиард 785 миллион сўм товар-моддий бойликлар ушлаб қолинган. 

Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш борасида эса 25 та ҳолатда жами 18 килограммга яқин гиёвандлик воситалари аниқланган.

Анжуман сўнггида журналист ва блогерларга ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича жавоблар берилди. 

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири