Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразмда экологик назорат рейд тадбирлари
12:32 / 2025-08-15

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вилоят бошқармаси, туман ва шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган навбатдаги экологик назорат рейд тадбирлари давомида 10 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди.

Хусусан, Қўшкўпир тумани "Бекобод" маҳалласи ҳудудида фуқаролар К.Д. ва Ж.О. ўз маҳалласида сувни ифлослантирганликлари ҳолати маълум бўлди.  

"Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 19-моддаси талабларини бузганлик ҳолати аниқланганлиги боис  фуқароларнинг ҳар бирига  2 миллион 472 минг сўмдан жарима белгиланди.

 

Араблар маҳалласида эса   фуқаролар Қ.Қ. ва Р.Р. лар уй-рўзғор ва қаттиқ маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаб, "Ўзбекистон Республикаси Чиқиндилар тўғрисида"ги қонуннинг 13-моддаси талабларини бузганлик ҳолатлари аниқланди. Ушбу фуқароларга ҳам  ҳар бирига  2 миллион 472 минг сўмдан жарима белгиланди.

 Хива тумани Дашёқ маҳалласида яшовчи фуқаро А.О. эса ўсимлик қолдиқларини бир жойга йиғиб, ёқиб юборган. Натижада ушбу фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди ҳамда жаримага тортилди.  

– Бундай ҳолатлар Урганч, Янгибозор ва Шовот туманларида ҳам аниқланган, – дейди  Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вилоят бошқармаси бош мутахассиси Исломбек Исмоилов. – Урганч туманидаги Арбоблар маҳалласи ҳудудида фуқаролар томонидан ташкил қилинган ноқонуний чиқиндихона бартараф қилиниб, қонунбузарликнинг олдини олиш мақсадида баннерлар ўрнатилди. Шунингдек, Урганч туманида Янги ташкил этилган Ал-Хоразмий мажмуаси ҳудудида янги қурилган кўп қаватли уйларнинг  чиқинди йиғиш майдончалари чиқиндилардан тозаланди.

  Аниқланган ҳолатлар юзасидан фуқароларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб,  10 нафар фуқарога нисбатан жами 26 миллион 72 минг сўм  жарима белгиланди.

Назорат рейд тадбирлари давомида ҳудудлар маиший ва қурилиш чиқиндиларидан тўлиқ тозаланган.  

Аҳмаджон Шокиров,  

ЎзА мухбири