Урганч шаҳрида Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳи томонидан ҳудудда ўрмон хўжалиги соҳасидаги ишлар таҳлилига бағишланган эшитув ўтказилди.
Унда депутатлар, партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари раислари, фаоллар ва вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси масъуллари иштирок этди.
[gallery-26268]
Эшитувда вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси томонидан ўрмонларни кўпайтириш, қайта тиклаш ва уларнинг маҳсулдорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
—Бугунги эшитувда қумли ҳудудларга эга туман ва шаҳарларда яшил қалқонлар ҳамда яшил белбоғлар ташкил этилиши жараёни ўрганилди, —дейди партиянинг вилоят кенгаши раиси Камолбек Жуманиёзов. — 2025-2026 йилларга мўлжалланган кўчат захираларининг мавсумга тайёргарлиги, ҳудуд шароитига мос кўчат ва буталар етиштирилиши ҳолати юзасидан ҳам масъуллар томонидан ҳисоботлар тингланди. Шу кунгача бизни ўйлантириб келаётган долзарб масалалар юзасидан саволларни ҳам бердик.
Мазкур эшитув давомида мавжуд муаммолар, амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги, келгусида ўрмон хўжалиги соҳасида экологик барқарорликни таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари