Айни кунларда дарс машғулотларидан ҳориган ўқувчи-ёшлар ёзги таътилни мароқли ўтказиш мақсадида турли соғломлаштириш оромгоҳларида ҳордиқ чиқаришмоқда.
Хоразм вилоятидаги оромгоҳларда ҳам болаларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш учун барча шароит яратилган. Спорт майдончалари, чўмилиш ҳавзаси, кўчма кутубхона, турли тўгараклар уларнинг ихтиёрида.
2024 йил ёз мавсумида воҳадаги 28 та оромгоҳда 11 минг 700 нафар бола дам олдирилиши режалаштирилган.
– Вилоятимиздаги барча оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш мақсадида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди, – дейди Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи Фармон Аллаберганов. – Бошқармамиз тасарруфида бўлган оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш мақсадида 650 млн сўмлик таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди. Оромгоҳлар замон талабларига мос жиҳозлар билан таъмирланди. Айни кунда биринчи мавсум тугади ва иккинчи мавсумга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Биринчи мавсумда оромгоҳларда 3 минг 505 нафар болажон соғломлаштирилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Шўманай туманидан жорий мавсумда 1000 нафар бола дам олдирилиши режалаштирилган. Уларнинг 400 нафарга яқини биринчи мавсумнинг ўзида соғломлаштирилди.
Сўлим гўшалардаги масканларнинг ҳар бир куни учун алоҳида дастурлар белгиланганлиги болажонларнинг вақти кўнгилли ва мароқли ўтишига хизмат қилмоқда.
Янгибозор туманида жойлашган “Келажак эгалари” номли вилоят иқтидорли болалар оромгоҳида болажонларни соғломлаштириш, мириқиб дам олиб, ҳордиқ чиқариши учун шароитлар яратилган. Оромгоҳ ҳар навбатда 80 нафар дам олувчини қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, 4 навбатда 320 нафар иқтидорли ўқувчи ушбу сўлим масканда мароқли ҳордиқ чиқаради.
[gallery-17871]
– Бўзқалъа қишлоғининг сўлим масканида жойлашган "Келажак эгалари" оромгоҳи вилоят ҳокимлигининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унда вилоятимизнинг барча ҳудудларидан келган иқтидорли ўқувчилар дам олиб, ҳордиқ чиқаради, – дейди оромгоҳ раҳбари Нафиса Абдураимова. – Оромгоҳимизда беш ташаббус доирасида китобхонлик, IT-соҳаси, спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси, мини футбол, бадминтон турлари бўйича тўгараклар ташкил қилинган. Шунингдек, санъатнинг мусиқа, рассомлик йўналишларида, шеърият шайдолари каби тўгаракларимиз фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бизнинг оромгоҳимизда дам олувчиларининг рўйхати вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан энг иқтидорли ва аъло баҳоларга ўқийдиган ўқувчилар орасидан шакллантирилади.
Таъкидлаш керак, мазкур оромгоҳнинг IT-соҳаси тўгараги энг замонавий компьютерлар билан жиҳозланган бўлса, кутубхонаси беш мингдан ортиқ турли дабиётлар билан таъминланган. Ушбу масканда дам олувчиларнинг энг севимли машғулоти эса “Заковат” интеллектуал ўйинида фаол иштирок этишдир.
Янгибозорнинг яна бир сўлим гўшасида жойлашган "Паҳлавон" оромгоҳида эса 105 нафар ўғил-қиз, жумладан, Қорақалпоғистоннинг Шўманай туманидан келган 26 нафар ўқувчи соғломлаштирилиб, ёзги таътилни мароқли ўтказмоқда.
Мавсум бошида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов ҳам оромгоҳга ташриф буюриб, болажонлардан хабар олди. Дам олувчилар учун китобхонлик кечалари, турли танловлар, маданий тадбирлар ва спорт мусобақаларини уюштириш, кунлик таомномани янада бойитиш юзасидан топшириқлар берди.
Вилоятдаги барча оромгоҳларда кутубхоналар фаолияти ташкил этилган бўлиб, уларнинг ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда асарлар, бадиий адабиётлар, газета ва журналлар билан таъминланишига алоҳида эътибор қратилган.
– Мен ҳар йили ёз фаслида оромгоҳда дам олишни хуш кўраман, – дейди гурланлик ўқувчи Азиза Гулматова. –Чунки, бу ерда ўтказадиган кунимиз мароқли ва саргузаштларга бой, қизиқарли ўтади. Бундан ташқари, ўтган ўқув йилида олган билимларимизни шу ерда янада мустаҳкамлаб, келгуси ўқув йилига тайёрланиш имконияти ҳам бор. Бу ерда жуда кўп дўстлар, дугоналар орттирдим. Уларнинг барчаси тиришқоқ, иқтидорли ўқувчилардир. Оромгоҳларда 12 кунлик дастур ишлаб чиқилиб, дастур асосида спорт мусобақалари, маданий–маърифий тадбирлар ўтказилиб, болалар билан турли интерфаол ўйинлари ҳам ташкил этилмоқда.
Хусусан, Ҳазорасп туманидаги “Ҳазорасп ниҳоли” оромгоҳида ҳам болажонлар мароқли дам олиб, кундалик спорт машқларини ҳам канда қилмай бажаришади. Бу оромгоҳ дам олувчилари орасида спортнинг мини футбол турига қизиқувчилар жуда кўп.
– Биз ҳар куни гуруҳларга бўлиниб футбол мусобақаси ташкил қиламиз, – дейди дам олувчи Абдулазиз Бахтиёров.– Футболни жуда севаман. Ушбу ўйинни ўйнаб ҳечам чарчамайман. Лекин оромгоҳ тартиб-қоидаларига кўра, белгиланган вақтларда ўйнаймиз. Яқинда оромгоҳ биринчилигини ўтказдик ва бизнинг жамоамиз ғолиб бўлди. Бизга ҳомийларнинг эсдалик совғалари ва оромгоҳ кубоги топширилди. Қани эди, ёзнинг барча кунларини шу оромгоҳда ўтказсам.
Оромгоҳларда дам олувчи болалар учун вилоят миқёсида ички туризмни шакллантириш бўйича Хива шаҳрининг диққатга сазовор жойларига ҳамда Урганч шаҳридаги истироҳат боғларига ташрифлар амалга оширилмоқда.
– Мен саёҳат қилишга, тарихни ўрганишга жуда қизиқаман, – дейди шўманайлик дам олувчи Зайниддин Атамуратов. – Бу йил ёзги таътил мен учун жуда мароқли ўтмоқда.
Мен оромгоҳдаги дўстларим билан Хивадаги “Ичан қалъа” музей қўриқхонасида бўлдим. Ўзим учун жуда кўп маълумотлар тўпладим. Оромгоҳдан уйимга қайтгач, ота-онамдан мени яна бир бор Хивага олиб боришларини илтимос қилмоқчиман. Келгусида аждодларимнинг тарихини чуқур ўрганишни мақсад қилганман.
Вилоятдаги барча оромгоҳларда болалар маънавиятини юксалтиришга қаратилган бадиий, илмий-оммабоп, шунингдек, дунё манзаралари ва табиатини тараннум этувчи фильмлар ва мультфильм намойиши йўлга қўйилган. Шунингдек, сўлим масканларда мамлакатимизда бутун дунёда кенг нишонланадиган байрам тадбирлари ҳам ташкил этилади.
Жумладан, 12 июнь– Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни муносабати билан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Хоразм вилоят кенгаши томонидан Урганч туманидаги “Жайҳун қуёши” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича ўз мажбуриятимизни бажарайлик!” шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбирга вилоят ҳокимлиги, Бандлик ҳудудий бош бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси масъуллари таклиф қилинди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Хоразм вилоят кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева тадбирларни очиб берар экан, ушбу сананинг аҳамияти, дунёда болалар меҳнатига барҳам бериш борасида олиб борилаётган ишлар, Янги Ўзбекистонда болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбия олиши учун яратилган шарт-шароитлар, саломатлигини муҳофаза қилиш борасида кўрилаётган чораларнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
Оромгоҳда дам олаётган 200 нафар болажонга футболка ҳамда кепкалар совға қилинди. Таниқли спорт усталари ва маданият ходимлари иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар, концерт дастурлари ўтказилди. Оромгоҳда дам олаётган иқтидорли болаларнинг бадиий чиқишлари тадбирга байрамона руҳ бағишлади. Беш ижобий ташаббус доирасида “Менинг келажакдаги касбим”шиори остида расм чизиш танлови ўтказилди. Ғолиблар ва фоал иштирокчилар кенгаш томонидан диплом ҳамда совғалар билан тақдирланди.
Болалар учун байрамона тушлик ташкил қилинди. Болажонлар бутун дунё болаларига эзгулик ва бахт тилади ҳамда самога юзлаб ранг-баранг пуфаклар учирди.
Бу каби тадбирлар Хоразм вилоятида жойлашган барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ўтказилди.
Хоразм вилоятидаги оромгоҳлар 3 мавсумдан 6 мавсумгача фаолият кўрсатиши белгиланган бўлиб, уларнинг атрофида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари, вилоят қўриқлаш бошқармаси бўлинмалари ходимлари ҳамда болалар саломатлигини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимларининг доимий навбатчилиги йўлга қўйилган.
Аҳмаждон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари