Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хоразм халқаро анжуманлар манзилига айланмоқда
19:02 / 2026-01-06

Хоразм диёри фақатгина тарихий манзил эмас, балки замонлар оша узилмаган мулоқот, минг йиллардан буён сўз ва фикр алмашинуви тўхтамаган заминдир. Бир пайтлар Буюк ипак йўли карвонлари тунаб ўтган бу ҳудуд бугун яна халқаро анжуманлар, илмий форумлар ва маданий мулоқотлар, нуфузли тадбирлар учун очиқ майдонга айланган.

2025 йилда бутун мамлакатимиз қатори ушбу воҳа ҳам ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда эришилган улкан ютуқлар, ўтказилган муҳим халқаро анжуманлар билан тарих саҳифларидан жой олди.  

Ўтган йили вилоятда ўндан ортиқ халқаро фестиваллар, 20 дан ортиқ маҳаллий оммавий тадбирлар ўтказилди.  

“Халқаро бахшичилик санъати”, “Қовун сайли”, “Лазги” халқаро фестиваллари, “Стронгмен” халқаро баҳодирлар ўйини, Хоразм халқаро инвестициялар форуми ҳамда “Хоразм хонлари миллий таомлари” халқаро гастрономик фестивали каби халқаро тадбирлар шулар жумласидандир.  

Апрель ойининг 26-28 саналарида  воҳанинг қадимий шаҳри Хивада бўлиб ўтган “IV Халқаро бахшичилик санъати” фестивалида нуфузли халқаро ташкилотлар ва қардош халқлар вакиллари, дунёнинг қирқдан зиёд мамлакатларидан келган халқ ижодиёти намояндалари, атоқли маданият ва санъат арбоблари иштирок этдилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фестиваль иштирокчиларига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, халқаро нуфузи тобора ортиб бораётган мазкур анжуман шу сафар Шарқ гавҳари бўлмиш, кўҳна ва бетакрор Хоразм диёрида ўтказилгани унга алоҳида руҳ ва мазмун бағишлади. Бу ўлканинг достончилик мактаби ғоят қадимий ва бой тарихга эга бўлиб, “Лазги” каби дунёга машҳур мумтоз куй-қўшиқлари, гўзал рақслари айнан ана шу азим дарёдан озиқланиб келмоқда.

Айтиш мумкинки, бугун чин маънода воҳанинг фахрига айланган янги сайёҳлик мажмуаси “Арда Хива” 8-10-август кунлари анъанавий “Қовун сайли” халқаро фестивалига мезбонлик қилди.  

Мазкур анжуман қовунчилик, ҳунармандчилик ва туризм анъаналарини ўзида мужассам этди.  

Қадимда Хоразмда 400 дан ортиқ қовун навлари етиштирилган. Ҳозир эса 150 га яқин навлар экилади. Фестивалда воҳа туманларида полизчилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари ўзлари етиштирган ана шундай қовун навлари билан иштирок этишди. Воҳага ташриф буюрган маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар бир-биридан тотли қовунлар ҳамда улардан тайёрланган ширинликлар, яхна ичимликлардан баҳраманд бўлишди.

Меҳмонлар қовунларни татиб кўриш, ишлаб чиқарувчилар билан суҳбатлашиш ва минтақанинг қишлоқ хўжалиги анъаналари ҳақида кўпроқ маълумот олиш имкониятига эга бўлдилар. Қовун сайли  бу шунчаки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси эмас. Бу  халқимизнинг урф-одатлари, миллий таомлари, фольклор санъати ва меҳмондўстлик руҳи намоён бўлган маданий байрамдир.

[gallery-27012]

Мазкур фестиваль ва унинг доирасидаги кўплаб маданий тадбирлар воҳага бир миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этиб, бу борада рекорд натижа қайд этилди.

Сентябрь ойида ўтказилган Халқаро инвестицион форумда эса 32 нафар дипломатик корпус вакили, дунёнинг 31 та давлатидан ташриф буюрган 315 нафар ишбилармон иштирок этди.  

Хорижлик ва маҳаллий экперт ҳамда сармоядорлар иқтисодиёти барқарор ривожланаётган Хоразм вилоятининг инвестицион жозибадорлигини эътироф этишди.  

Қизғин мулоқотларга бой тарзда ўтган форум доирасида дунёнинг қатор йирик компаниялари билан савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада кенгайтириш юзасидан ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.

Форумнинг узвий давоми сифатида ўз ишини бошлаган Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида янги инновацион ишланмаларни намойиш этиш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кооперация алоқаларини ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай имконият яратилди.

Кўргазмада  республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган   ишлаб чиқарувчилар туризм соҳаси учун тўқимачилик маҳсулотлари, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги техникаси, мебелсозлик бўйича ўз маҳсулотлари билан қатнашишди.

Хива шаҳридаги “Арда Хива” сайёҳлик мажмуаси  сентябрь ойида яна бир нуфузли тадбирга мезбонлик қилди. “Хоразм хонлари миллий таомлари” гастрофестивали Хоразм ошхонасининг ўзига хос анъаналарини халқаро майдонда намойиш этиш гастрономик туризм ривожи учун янги имкониятлар яратди.

–  Асрлар давомида шаклланган Хоразм ошхонаси Ўзбекистондан ташқарида ҳам яхши танилган бўлиб, фестиваль уни янада оммалаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Саидов. – Ушбу фестиваль Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини ривожлантириш чора-тадбирлари доирасида ташкил этилди. Фестивалнинг мақсади Хоразм миллий таомларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш орқали гастрономик туризмни жадал ривожлантиришдир.

Ўзбекистон ва Туркманистон  тарихан яқин, бир илдиздан ўсиб чиққан, муштарак маданият ва қадриятлар билан боғланган икки қардош халқдир.

Шу дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2025 йил 20–25 октябрь кунлари Ўзбекистонда “Туркманистон маданияти кунлари” ўтказилди.

Тадбирлар доирасида туркманистонлик санъаткорлар саҳнада ўз миллий куй-қўшиқлари, рақслари ва театр чиқишлари билан томошабинлар эътиборини қозондилар.

Шунингдек, маданият кунлари доирасида тасвирий санъат, амалий безак санъати ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ҳам ташкил этилди.

Ноябрь ойида эса Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатлари тарихида янги давр бошланиб, Ўзбек-туркман чегара савдо маркази очилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов “Шовот-Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонасини масофадан туриб ишга туширдилар.

Мазкур ҳудудда дирекция, божхона, карантин, фитосанитария ва ветеринария хизматларининг маъмурий бинолари, савдо павильони ва омборлар жойлашган. 

“Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиладиган интерфаол тизимлар, банк, тиббиёт ва меҳмонхона хизматлари учун зарур инфратузилма, шунингдек, катта автотураргоҳ ҳам ташкил этилган савдо зонаси фаолияти умумий аҳолиси 3,5 миллиондан зиёд бўлган иккита муҳим ҳудуд – Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади. 

Хуллас, якунига етган йилда Хоразм вилояти  муҳим халқаро анжуманлар манзилига айланди. Йил давомида 150 дан ортиқ хорижий давлатлардан икки миллиондан зиёд хорижий сайёҳлар ташриф буюрди. Бу рақам маҳаллий сайёҳлар билан қўшиб ҳисобланса, қарийб ўн бир миллионга етади.

Жорий йил учун ҳам бу борада муҳим чора-тадбирлар белгиланган. Чунки, иқтисодиётининг асосий драйвери туризм бўлган Хоразмнинг ҳар томонлама тараққий этган манзилга айланиши икки миллионлик аҳолининг турмуш фаровонлиги ошишини таъминлайди. 

Аҳмаджон Шокиров,  

Беҳзод Саидов (сурат),  

ЎзА мухбирлари