Хоразм вилоят ҳокимлигида "2025 йилда вилоятда амалга оширилиши мўлжалланган инвестиция лойиҳалари ижроси ва бунинг натижасида яратиладиган янги иш ўринлари, экспорт салоҳияти" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари – Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Анвар Давлетов Хоразмда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
***
Урганч давлат тиббиёт институтида талабалар иштирокида ўтказилган учрашув тадбирида сўзга чиққан хотин-қизлар масалалари бўйича директор маслаҳатчиси Феруза Отажанова оила тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, жамиятда тутган ўрни ҳақида гапирди.
- Оиланинг жамиятда тутган ўрни беқиёс, - дейди Ф. Отажанова - Унинг таърифи ҳам мураккаб, мазмун-моҳияти эса ниҳоятда теран, сурати ранг-баранг ва бир-бирига асло ўҳшамайди. Ҳаётнинг гашти турмуш тотувлигидадир. Аммо турмуш тотувлиги ўз-ўзидан юзага келмаслигини талаба-ёшларга тушунтиришимиз лозим. Оддийгина бир эътиборсизлик ҳам баъзи ҳолларда турмуш маромини издан чиқариши мумкин.
Тадбирда ёшларга оиланинг жамиятдаги ўрни, никоҳнинг моҳияти, йигит ва қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш жараёнининг ўзига хос жиҳатлари, тинч ва фаровон оилани барпо этишда оила аъзоларининг ўзаро ҳурмат ва тотувликдаги муносабатлари ҳақида тушунчалар берилди.
Шунингдек, оилада учраши мумкин бўлган ноахлоқий ҳолатларнинг олдини олиш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни, эр-хотиннинг гендер тенглиги каби масалаларда зарур билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
[gallery-26063]
***
Урганч шаҳрида мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг замонавий, барча қулайликларга эга янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Бинонинг очилишига бағишланган тантанали маросимда Хоразм вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Урганч шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, бўлим тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ва фахрий устозлар ҳамда нуронийлар иштирок этди.
Ташаббусли бюджет дастури доирасида амалга оширилган ушбу лойиҳада бинони капитал таъмирлаш ва замонавий мебель ҳамда техник жиҳозлар билан таъминлаш учун 2 миллиард 860 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
***
Урганч туманида “Лимон ҳосили сайли” бўлиб ўтди.
Туманнинг “Шоликорлар” МФЙ ҳудудида жойлашган 6 гектарлик иссиқхонада тижорат банки ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида кўргазмали семинар ўтказилди.
Тадбир лимончилар, боғбонлар ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очиш, соҳадаги билим ва тажрибаларни ошириш мақсадида уюштирилди.
Тадбирда қишлоқ хўжалиги мутахассислари, маҳалла еттилиги вакиллари, вилоятдаги лимон етиштирувчи 60 га яқин тадбиркор ва томорқачилар иштирок этди.
Семинар давомида иштирокчиларга лимончиликни ривожлантириш бўйича давлат дастурлари, илмий-инновацион ёндашувлар, халқаро тажрибалар, тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари, лимон кўчатини парвариш қилиш ва фойда олиш бўйича зарур маълумотлар берилди.
Шунингдек, лимонни қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича янги лойиҳалар юзасидан тажриба алмашиш ва соҳадаги энг илғор усулларни муҳокама қилиш имконияти яратилди.
А.Шокиров, ЎзА